Ҳарбий касбий тайёргарлик – амалий маҳорат мактаби саналади
Хизмат нуқтасида қабул қилинган биргина қарор, муҳим палладаги бир лаҳзалик мулоҳаза бутун вазиятнинг кейинги ривожини белгилаши, гоҳида эса бир неча бўлинманинг ҳаракати ва жанговар топшириқ натижасига таъсир қилиши мумкин.
Ҳарбий хизматда вақт ҳам, вазият ҳам кутиб турмайди. Шу боис бугунги офицердан фақат билим ва тажриба эмас, вазиятни тез баҳолаш, асосланган қарор қабул қилиш ва уни аниқ ҳаракатга айлантириш маҳорати ҳам талаб этилади.
Замонавий ҳарбий технологиялар, қўшинларни бошқариш усуллари ва тактик ёндашувлар жадал ўзгармоқда. Учувчисиз учиш аппаратлари, алоқа ва бошқарув тизимлари, радиоэлектрон кураш воситалари каби йўналишлардаги янгиланишлар ҳарбий кадрлар тайёргарлигига ҳам янги талабларни қўймоқда. Бундай шароитда бир марта эгалланган билим билан чекланиш мумкин эмас: офицер ўз касбий салоҳиятини мунтазам такомиллаштириб, янги ёндашувларни амалиёт билан боғлай олиши зарур.
Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ҳамда унинг таркибидаги институт ва факультетларда “Ҳарбий касбий тайёргарлик” ўқув курсининг навбатдаги битирувчиларига сертификатлар топширилди.
Курсда оператив-тактик бўғиндаги офицерлар иштирок этди. Машғулотларни университетнинг малакали профессор-ўқитувчилари ҳамда тажрибали йўриқчилар олиб борди. Курс бошида ўтказилган кириш тестлари орқали тингловчиларнинг тайёргарлик даражаси аниқланиб, натижалар асосида ўқув жараёнининг устувор йўналишлари белгиланган. Бу эса машғулотларни умумий қолип эмас, тингловчининг мавжуд салоҳияти ва хизмат эҳтиёжларига яқинлаштириш имконини бермоқда.
Назарий билимлар амалий топшириқлар, вазиятли таҳлиллар ва хизматга яқинлаштирилган машғулотлар билан мустаҳкамланди.
Ҳарбий касбий тайёргарликнинг ҳақиқий қиймати ўтилган мавзулар ёки ажратилган соатлар билан эмас, уларнинг хизматдаги натижаси билан белгиланади. Тингловчи мураккаб вазиятни қанчалик тез таҳлил қилади, қарорни қай даражада асослайди, бўлинма ҳаракатини қандай ташкил этади – курс самарадорлиги, аввало, ана шу амалий кўрсаткичларда намоён бўлади.

– Бугунги ҳарбий вазифаларнинг мураккаблиги офицердан билимини мунтазам янгилаб, уни амалий кўникмага айлантиришни талаб этади. Ҳарбий-касбий тайёргарликнинг асосий мезони – ўзлаштирилган билимнинг хизматдаги натижасидир, – дейди университетнинг Ўқув ва услубий ишларни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи, подполковник Иброҳим Ҳамдамов.
Шу нуқтаи назардан, касбий компетенция, бу – фақат билим ҳажми эмас. У таҳлилий фикрлаш, тезкор ва асосланган қарор қабул қилиш, ресурсларни тўғри тақсимлаш, шахсий таркибни бошқариш ва масъулиятни ўз зиммасига олиш қобилиятларининг яхлит тизимидир.
– Бугун курс аудиторияларида айнан шу қобилиятлар шакллантирилганлигини кўришимиз мумкин, – дея фикр билдиради курс тингловчиси подполковник Шерзод Ғафуров. – Машғулотлар давомида ҳарбий хизматчининг мавжуд тажрибаси янги билим ва ёндашувлар билан бойитилиб, унинг мураккаб вазифаларга тайёрлиги мустаҳкамланди.
Шу маънода, бу курслар бугунги вазифага тайёргарлик билан бирга эртанги талабларга мослашиш қобилиятини ҳам шакллантиради. Чунки ҳарбий салоҳиятнинг барқарорлиги нафақат техника ва технология, балки уларни тўғри бошқара оладиган кадрнинг касбий маҳоратига боғлиқ.
А. РУСТАМОВ,
ЎзА