Тошкентда “Халқаро ёшлар фестивали - 2026” тақдимоти ўтказилди
Жорий йилнинг 11-17 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида “Халқаро ёшлар фестивали - 2026” бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳридаги “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университети филиалида мазкур фестивалнинг ташкил этилиши ва мазмун-моҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди.
Унда сўз олган филиал ижрочи директори Шавкат Абдукомилов, Бутунжаҳон ёшлар фестивали дирекцияси бош директори ўринбосари Вахтанг Хикландзе ва бошқалар бугунги кунда ёшлар билим ва салоҳиятини юксалтиришда нафақат олий таълим муассасалари, балки халқаро аҳамиятга эга бўлган фестиваллар ҳам катта ўрин тутишини таъкидлади.
Шавкат Абдукомиловнинг сўзларига кўра, бугунги глобаллашув шароитида ёшлар ўртасидаги халқаро мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим ҳисобланади.
[gallery-28746]
– Халқаро ёшлар фестивали каби нуфузли платформалар ёш авлод учун нафақат мулоқот майдони, балки уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, замонавий билим ва илғор тажрибаларни ўзлаштиришда муҳим ўрин тутади. Бундай тадбирлар турли мамлакатлар ёшларини бир мақсад йўлида бирлаштириб, ўзаро ишонч, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиради.
Айниқса, Ўзбекистон ёшларининг ушбу жараёнларда фаол иштирок этиши уларнинг дунёқараши кенгайишига, глобал муаммоларга нисбатан ўз нуқтаи назарини шакллантиришига хизмат қилади. Шу билан бирга, бундай халқаро майдонларда қатнашиш ёшларимизга ўз ғоя ва ташаббусларини илгари суриш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос яратади.
Энг муҳими, Халқаро ёшлар фестивали сингари ташаббуслар натижасида мамлакатимиз ёшлари дунё ёшлари билан елкама-елка туриб, умумий келажакни барпо этишда фаол иштирок этмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини ошириш, очиқ ва ҳамкорликка тайёр давлат сифатидаги имижини мустаҳкамлашда янада муҳим, – деди Шавкат Абдукомилов.
Шундан сўнг иштирокчиларга мазкур кенг кўламли халқаро ёшлар тадбири ҳақида атрофлича маълумот берилди. Тақдимотга кўра, жорий йилнинг 11-17 сентябрь кунлари ушбу фестиваль Россиянинг йирик иқтисодий, илмий ва маданий марказларидан бири бўлган Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтади. Унда 190 мамлакатдан 10 минг нафар иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.
Фестиваль иштирокчилари учун 9 та йўналиш бўйича бой ва мазмунли дастур тайёрланган. Турли мамлакатлардан келган ёшларни ўзаро яқинлаштиришга қаратилган бирлаштирувчи дастур нетворкинг ва жамоавий фаолиятлар орқали ўзаро танишиш ва мулоқот қилиш имконини беради.
Бутунжаҳон ёшлар фестивали дирекцияси бош директорининг ўринбосари Вахтанг Хикландзе қайд этганидек, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашда ёшларнинг алоҳида ўрни муҳим аҳамиятга эга.
– Бутунжаҳон ёшлар фестивали дирекцияси икки мамлакат ёшлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратади. Марказий Осиёдаги энг муҳим ҳамкорларимиздан бири бўлган Ўзбекистон билан алоқалар изчил мустаҳкамланмоқда. Республика фуқароларини Россиянинг таълим ва ёшлар ташаббусларига фаол жалб этишга интиламиз. Ёшлар анъанавий равишда лойиҳаларимизга юқори қизиқиш билдириб келмоқда. Буни рақамлар ҳам тасдиқлайди. Айни пайтда мамлакат “Халқаро ёшлар фестивали -2026” учун аризалар сони бўйича етакчилар қаторида. Ҳозиргача 1700 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашиш истагини билдирган. Биз дўстларимизни фестивалда мамнуният билан кутиб оламиз ва бутун дунё ёшлари билан биргаликда глобал мулоқотга киришиб, умумий келажакни белгилашга тайёрмиз, – деди Вахтанг Хикландзе.
Фестиваль доирасида қатор маданий тадбирлар уюштирилади. Хусусан, иштирокчилар учун Екатеринбургнинг тарихий, табиий ва маданий мероси билан танишув, шунингдек, хорижий ёшлар учун Россиянинг 30 та ҳудуди ва Абхазия Республикаси бўйлаб саёҳат қилиш имконияти тақдим этилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА