Тошкентда 190 гектар ер майдони ҳокимлик ихтиёрига ўтказилди
Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 190 гектар ер участкаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги ихтиёрига беғараз тарзда ўтказилди.
Маълум қилинишича, ушбу ҳудуд Мирзо Улуғбек туманининг Улуғбек маҳалласида жойлашган бўлиб, илгари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тасарруфида бўлган. Академия мазкур ер майдонидан ихтиёрий равишда воз кечиб, уни давлат захирасига топширган. Шундан сўнг Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ер участкасини бўш ва ҳокимлик ихтиёридаги ер сифатида ҳисобга олиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Қарорга кўра, мазкур ер майдони кейинчалик шаҳарсозлик талаблари асосида самарали фойдаланиш, ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш, турар-жой қурилиши ёки инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ажратилиши мумкин. Бу каби ҳудудларни давлат захирасига қайтариш шаҳарни комплекс ривожлантириш ва янги қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятини кенгайтиради.
Сўнгги йилларда Мирзо Улуғбек тумани пойтахтнинг жадал ривожланаётган ҳудудларидан бирига айланмоқда. Бу ерда янги турар-жой мажмуалари, ижтимоий объектлар, таълим ва илмий муассасалар қурилиши режалаштирилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА