Олотда янги узумзор барпо этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш, соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, субсидиялар ажратиш, сифатли кўчатлар танлаш ва серҳосил навларни жорий этиш орқали ҳосилдорликни ошириш, қайта ишлаш ҳажмини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Бухоро вилояти Олот тумани Усмоншайх маҳалласидаги “Отабек Пўлат” фермер хўжалигига қарашли 4 гектар майдонда янги узумзор ташкил этилди. Лойиҳа туман ҳокими Наргиза Неъматова бошчилигида тегишли ташкилотлар, “Agrostar” корхонаси ҳамда “Asaka bank” ҳамкорлигида амалга оширилди.
Янги узумзорда замонавий шпаллер тизими асосида 3 минг 500 дан ортиқ “Аватар”, “Ламборжини”, “Ҳусайни” ва “Келин бармоқ” навли узум кўчатлари экиб чиқилди. Мазкур навлар юқори ҳосилдорлиги ва бозорбоплиги билан ажралиб туради.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай ташаббуслар фермер хўжаликлари даромадини ошириш билан бирга, ҳудудда узумчиликни ривожлантириш, сифатли маҳсулотлар етиштириш ва кейинги босқичда уларни қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат яратиш имконини беради.
[gallery-28713]
Шунингдек, янги узумзорларни барпо этиш қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудуд иқтисодиётини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Аграр соҳада амалга оширилаётган бу каби ишлар келгусида янада кенг кўламда давом эттирилиши режалаштирилган.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА