Тошкент халқаро кураш семинари якунланди
Миллий спорт турларини халқаро майдонда тарғиб этиш ва уларнинг нуфузини ошириш бугунги кунда спорт дипломатиясининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Айниқса, ўзбекона қадриятлар ва анъаналарни ўзида мужассам этган кураш спортини дунёга кенг танитиш, мураббийлар салоҳиятини ошириш орқали унинг ривожига янги суръат бағишлаш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Тошкент шаҳридаги Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейида кураш мураббийлари учун ташкил этилган халқаро семинар юқори савияда ўтказилди. Унинг якуний босқичида сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан Халқаро кураш ассоциацияси вице-президенти Шерзодхон Қудратхўжа, IKA Бош котиби Муҳаммад Реза Нассири ҳамда Халқаро кураш институти ректори Ҳабибулла Тожиев иштирокчиларни самимий муборакбод этиб, бир ҳафта давомида эгалланган билим ва кўникмаларни ўз мамлакатларида самарали татбиқ этишларига муваффақият тилади.

Шерзодхон Қудратхўжа кураш спортини глобал спорт тури сифатида янада ривожлантириш, унинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш йўлида бундай ташаббуслар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Маросим якунида иштирокчиларга семинар сертификатлари ҳамда Халқаро кураш ассоциациясининг “B” тоифадаги мураббийлик лицензиялари тантанали равишда топширилди.

Тадбирдан сўнг меҳмонлар Халқаро кураш ассоциацияси музейига ташриф буюриб, кураш тарихи ва унинг бой меросини акс эттирувчи ноёб экспонатлар билан яқиндан танишди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА