Лойиҳалар танлови
Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида туман ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган “IDEATHON” инновацион стартаплар танлови ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, креатив фикрлаши ва технологик ечимларга бўлган қизиқишини яққол намоён этган нуфузли майдонга айланди.
Ҳудудда стартап экотизимини шакллантириш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш, айниқса, сунъий интеллект йўналишидаги илғор лойиҳаларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилган мазкур танлов инновацион муҳитни шакллантириш, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ҳамда уларнинг ғояларини реал иқтисодиётга интеграция қилишда муҳим ўрин тутди. Қолаверса, у ёшлар учун ўзига хос билим, тажриба ва имкониятлар платформаси вазифасини ўтади.

Танловда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган иқтидорли ёшлардан иборат 18 та жамоа иштирок этди. Улар GovTech, FinTech, AgroTech, EduTech ва HealthTech каби замонавий ва долзарб соҳалардаги стартап лойиҳаларини тақдим этиб, жамиятнинг турли жабҳаларида мавжуд муаммоларга инновацион ечимлар таклиф қилди. Ҳар бир лойиҳа ортида изланиш, таҳлил ва амалий ёндашув мужассам экани ҳакамлар ҳайъати томонидан алоҳида эътироф этилди.

Айниқса, иштирокчиларнинг сунъий интеллект элементларини амалиётга татбиқ этишга бўлган интилиши диққат марказида бўлди. Бу эса, ўз навбатида, ҳудуд ёшлари замонавий технологиялар билан ҳамнафас ривожланаётганидан далолат беради.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан лойиҳалар долзарблиги, инновационлик даражаси, амалий аҳамияти ҳамда келгусида кенг жорий этиш имкониятлари асосида баҳоланди. Қизғин ва адолатли баҳс-мунозаралардан сўнг ғолиблар аниқланди.

Натижаларга кўра 1-ўрин “Smart Ambulance” лойиҳасига насиб этди. Ушбу ишланма тез тиббий ёрдам тизимини рақамлаштириш ва фавқулодда ҳолатларда тезкор қарор қабул қилиш самарадорлигини оширишга қаратилгани билан ажралиб турди. 2-ўринни “Toza hudud” лойиҳаси эгаллаб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги инновацион ечимлари билан эътибор қозонди. 3-ўрин эса “Aqlli gul tuvak” лойиҳасига насиб этди. Ушбу ғоя қишлоқ хўжалиги ва хонадонларда ўсимлик парваришини автоматлаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Тадбир якунида ғолиблар ва фаол иштирокчилар туман ҳокимлиги томонидан диплом, сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири