Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ўрта Чирчиқ туманида Президентимизнинг 2026 йил 26 майдаги “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятига бағишланган очиқ мулоқот ва семинар ташкил этилди.
Унда Тошкент вилояти солиқ бошқармаси масъуллари янги фармон билан тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган қулайликлар, солиқ маъмурчилигидаги енгилликлар ҳамда бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берди. Мулоқот давомида тадбиркорларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди. Шунингдек, бизнес вакилларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, уларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан фикр алмашилди.
***
Оҳангарон тумани ҳокимлиги делегацияси Мўғулистон давлатида хизмат сафари давомида 20 минг бош "Баят" зотли қўйни олиб келишув юзасидан музокара олиб борди. Бунда зотдор қўйларни юборишдан олдинги карантин тадбирларини ташкил этиш, соғлом ҳудудлардан қўйларни танлаб олиш, карантин даврида касалликларга қарши диагностик текширувлар ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

***
Бўстонлиқ туманида жойлашган туристик ва спорт кластерида илк бор тоғ велосипеди – “Mountain bike” бўйича қитъа чемпионати ўтказилади.
Унда Осиёнинг энг кучли спортчилари ғолиблик учун кураш олиб боради. Мазкур мусобақанинг Ўзбекистонда ўтиши мамлакатда велоспорт инфратузилмасининг ривожланаётганини ва халқаро спорт тадбирларини қабул қилиш салоҳияти ортиб бораётганини кўрсатади.

А.Мусаев, ЎзА