Ижтимоий адолат ер ва сувга эҳтиёткорона муносабатдан бошланади
17 июнь дунёнинг барча мамлакатларида Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни сифатида кенг нишонланади. Бир қарашда бу шунчаки экологик сана бўлиб кўриниши мумкин, бироқ Ўзбекистон учун унинг аҳамияти анча кенгроқ. Гап қишлоқ оилаларининг даромади, фарзандларимизнинг саломатлиги, маҳаллалар ва ҳудудларнинг келажаги ҳақида кетяпти.
Халқимиз азалдан ерни бебаҳо бойлик деб билган. Ҳар қандай бойликни эса асраб-авайлаш керак. Тупроқ унумдорлиги пасайса, яйловлар таназзулга учраса, сув ресурсларидан самарасиз фойдаланилса, бунинг оқибатлари фақат фермерга эмас, балки бозор ва оила, мактаб ва шифохона, умуман олганда, ҳар бир ҳудудга таъсир қилади. Айнан шу сабабли чўлланишга қарши курашиш агроном ёки экологларнинг вазифаси бўлибгина қолмай, одамларнинг ҳаёт сифати билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий барқарорлик ва адолат масаласи ҳисобланади.
Бу йил Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш кунининг мавзуси “Яйловлар: тан олиш, ҳурмат қилиш, тиклаш” деб номланади. Ушбу мавзу мамлакатимиз учун долзарб аҳамиятга эга. Шаҳарда яшайдиган аксарият одамларнинг тасаввурида яйлов бу – аҳоли яшаш пунктлари ташқарисида жойлашган, ўт босган бўш ер. Ваҳоланки, яйлов чорвачилик учун озуқа базаси, бандлик манбаи, минглаб оилалар турмуш тарзининг ажралмас қисми ҳисобланади. Гўшт ва сут нархи, қишлоқ иқтисодиётининг барқарорлиги, биохилма-хиллик ва табиат мувозанати яйловларнинг ҳолатига боғлиқ.
Яйлов деградацияга учраса, тупроқ унумдорлиги пасайиб, шамол эрозияси кучаяди. Бу эса ҳавода чанг миқдорининг ошиши, озуқа харажатларининг кўпайиши ва хўжаликлар даромадининг пасайишига олиб келади. Натижада экологик муаммо ижтимоий-иқтисодий муаммога айланади. Буни, айниқса, оғир шароитда яшаётган одамлар, хусусан Оролбўйи, олис қишлоқлар, яйлов ҳудудлари ва мамлакатимизнинг бошқа туманлари аҳолиси ўз ҳаётида ҳис этади.
Орол денгизининг қуриши табиатга бепарволик билан муносабатда бўлиш қанчалик қимматга тушиши мумкинлигини кўрсатди. Бугунги кунда давлат ва жамият олдида экологик фожеа оқибатларини юмшатиш билан бирга, бундай хатолар бошқа такрорланишига йўл қўймаслик вазифаси турибди. Бу ҳар бир раҳбардан узоқни кўра билиш, масъулият ва маҳаллий аҳолининг фикрини ҳурмат қилишни талаб этади.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда миллионлаб гектар яйловлар ва қишлоқ хўжалиги ерлари деградацияга учраган, кўпгина майдонлар турли даражада шўрланган. Иқлим ўзгариши сув ресурсларига бўлган босимни кучайтирмоқда. Назаримда, бу депутатлар корпусида хавотир кучайиши учун жиддий асосдир. Биз турмуш даражаси бевосита қурғоқчилик жараёнларига боғлиқ бўлган сайловчиларимиз манфаатларини ифода этамиз. Бугундан бошлаб тизимли ишлаш вақти келди.
Мамлакатимиз учун сув азалдан ҳаёт, маданият ва меҳнат манбаи бўлиб келган. Бугун эса бу неъмат масъулиятни ўлчайдиган бош мезонга ҳам айланмоқда. Сув аниқ тақсимланган, каналлар мустаҳкамланган, фермер қанча харажат қилганини билиб, ҳар бир сарфланган кубометр сувнинг нархини билган жойда тежамкорлик пайдо бўлади. Ҳисоб-китоб ва шаффофлик бўлмаган жойда эса йўқотишлар, низолар ва адолатсизлик муқаррардир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, каналларни бетонлаш, рақамли ҳисоб юритишни йўлга қўйиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Назаримда, бу – энг тўғри ва мақбул йўл. Бироқ ҳар бир технология қоғозда эмас, амалда – далада ишлаши лозим. Томчилатиб суғориш, “ақлли” ҳисоблагичлар, энергия тежовчи насослар ва рақамли тизимлар амалий натижага хизмат қилиши, яъни йўқотишларнинг камайиши, ҳосилдорликнинг ошиши, фермер харажатларининг камайиши ва пировардида одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ортишига олиб келиши керак.
Жамият зиммасида ҳам катта масъулият ётибди. Давлат қонун қабул қилиши, канал қуриши, субсидия ажратиши, дарахт экиши мумкин. Шу билан бирга, сув ва ерга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳар бир инсоннинг одатига айланиши керак. Ариққа ахлат ташламаслик, сувни беҳуда исроф қилмаслик. ҳовлидаги дарахтни парваришлаш. замонавий технологияларни жорий этаётган фермерларни қўллаб-қувватлаш, фарзандларга табиат тирик макон эканини тушунтириш зарур.
Бу маданият оила ва мактабдан шаклланиши керак. Сувнинг қадрини билган бола эртага масъулиятли истеъмолчи, фермер, муҳандис, тадбиркор ёки раҳбарга айланади. Шу боис, экологик тарбия мамлакат барқарорлигига киритилган сармоядир. Тежамкорлик кундалик меъёрга айланса, давлат дастурлари ҳам самарали ҳаётга татбиқ этилади.
Ерларни қайта тиклаш масаласи ҳам катта аҳамиятга эга. Иҳота дарахтзорлари, саксовул ва бошқа қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар экиш, агроэкологик ландшафтларни яхшилаш, қурғоқчилик ва шўрланишга бардошли экин турларини танлаш, яйловларни тиклаш каби ишлар жамият эҳтиёжлари билан уйғунлашган ягона сиёсатнинг бир қисмига айланиши лозим. Бу борада илм-фан, замонавий маълумотлар, агрометеостанциялар, маҳаллий ҳамжамиятлар иштироки ва доимий назорат талаб этилади.
Ушбу жараёнда “Яшил макон” дастурининг ҳам ўрни катта. Бироқ бугун биз асосий эътиборимизни қанча дарахт экилганига эмас, балки уларни парваришлаш, навларни тўғри танлаш, дарахтлар кесилишининг олдини олиш ва жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратишимиз керак. Кўкариб, соя бераётган, ҳавони тозалаб, тупроқ сифатини яхшилаётган ҳар бир дарахт инсон саломатлигини яхшилашга хизмат қилади.
Яна бир муҳим масала – чўлланишга қарши курашиш. Ушбу вазифани минтақавий ҳамкорликсиз амалга ошириб бўлмайди. Оролқум бутун дунёга экологик хатолар чегара билмаслигини кўрсатди. Дарёлар, музликлар, каналлар, яйловлар, чанг бўронлари ва қурғоқчилик Марказий Осиё мамлакатларини умумий тақдир ришталари билан боғлаб туради. Шу боис, Ўзбекистон мулоқот, ишонч ва амалий ечимлар ишлаб чиқиш муҳимлигини доим таъкидлаб келади. Бугунги сув дипломатияси тинчлик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва яхши қўшничилик дипломатияси бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу маънода, янги Сув кодексига ҳам алоҳида тўхталиб ўтсак. Кодекс сувдан фойдаланишнинг янги маданиятини шакллантирадиган ҳуқуқий ҳужжатга айланиши керак. Модомики сув миллий бойлик экан, ундан фойдаланиш имконияти адолатли, ҳисоби шаффоф, бошқаруви юқори даражада, исрофгарчилик учун жавобгарлик эса бу ҳолат бошқа такрорланмаслиги учун муқаррар ва сезиларли бўлиши керак.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон парламентининг вазифаси фақат қонунлар қабул қилишдангина иборат эмас. Биз уларнинг ижросини назорат қилишимиз шарт. Шундан келиб чиқиб, бизни субсидия фермерга етиб бордими, сув тежовчи ускуна ишлаяптими, олис маҳаллада ичимлик суви борми, бюджет маблағларининг самарасиз сарфланиши учун ким жавобгар, кўкаламзорлаштириш ишлари нега натижа бермади, экологик хавф ҳудудида яшаётган одамларнинг ҳуқуқлари қай даражада ҳимояланган каби аниқ саволлар қизиқтиради.
Биз, “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси депутатлари учун бу мавзу алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, адолат тоза сув, соғлом муҳит, хавфсиз меҳнат ва ривожланиш имкониятларидан тенг фойдаланиш орқали шаклланади. Агар ер деградацияга учраса, энг аввало, одамларнинг турмуш даражаси пасаяди, сувдан оқилона фойдаланилмаса, оддий оилалар жабр кўради. Демак, экологик сиёсат айни вақтда ижтимоий сиёсат ҳам бўлиши лозим.
17 июнь бизга келажак ер ва сувга бўлган муносабатимиздан бошланишини эслатади. Ўзбекистон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш учун етарли ирода, тажриба ва имкониятларга эга. Фақатгина қонунлар, илм-фан, фермерлар меҳнати, раҳбарларнинг масъулияти ва фуқароларнинг экологик маданиятини уйғунлаштириш керак. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган экологик чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш муҳим. Шундагина биз ер унумдор, сув тоза, инсонлар ҳаёти эса муносиб ва адолатли бўлишига эриша оламиз.
Н.Рашидова,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси,
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА