Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Президентимиз томонидан ҳафтанинг бир кун – “Спорт куни” деб эълон қилиниши юртимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этишда муҳим қадам бўлди. Ушбу ташаббус бўйича Бўка тумани маҳаллаларида турли спорт тадбирлари мунтазам ташкил этилмоқда.
Эътиборлиси, мазкур спорт тадбирларида нафақат ёшлар, балки нуроний отахонлар ва аҳолининг турли қатлам вакиллари ҳам фаол қатнашяпти. Бу эса жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, авлодлар ўртасида спорт орқали яқинлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

***
Зангиота туманида ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида “Беш ташаббус паралимпиадаси” спорт мусобақалари юқори савияда ташкил этилди. Мазкур тадбир нафақат спорт байрами, балки инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий фаолликни ошириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга хизмат қилди.
Мусобақаларда жами 439 нафар иштирокчи қатнашиб, улар орасидан 26 нафари ғолибликни қўлга киритди. Бу каби тадбирлар жамиятда инклюзивлик муҳитини мустаҳкамлаш, ногиронлиги бўлган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.


***
Тошкент вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан Олмалиқ шаҳрида кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компаниялари (БСК) фаолияти юзасидан навбатдаги мониторинг тадбирлари ўтказилди.
Жараёнда масъуллар айрим кўп квартирали уйларнинг электр шитлари кўздан кечирилганда, уларнинг техник ҳолати қониқарсиз экани, очиқ ва қаровсиз қолиб кетгани ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда фойдаланилаётгани аниқланди.


Энг ачинарли ҳолат БСКнинг хўжалик молларини сақлаш учун мўлжалланган омборхонасида кузатилди. Мазкур бино белгиланган мақсадларда фойдаланилиши ўрнига, турли маиший чиқиндилар ва қурилиш қолдиқлари билан тўлдирилиб, мутлақо тартибсиз, антисанитария ҳолатига келтирилган. Ушбу ҳолатлар юзасидан Инспекция мутахассислари томонидан масъулларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиб, аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш ҳамда ҳудудни тартибга келтириш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.
А.Мусаев,ЎзА.