Тошкент вилояти – бизнес учун чексиз имкониятлар ҳудуди
Қибрай туманида “Тошкент вилояти – бизнес учун чексиз имкониятлар ҳудуди” мавзусидаги Бизнес форумнинг биринчи куни муваффақиятли ўтмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 11 сентябрь куни Тошкент вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва янги режалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда вилоят саноатда ҳам, қишлоқ хўжалигида ҳам энг катта салоҳиятга эга ҳудуд эканлиги, бу имкониятларни тўлиқ ишга солиб, инвестиция, экспорт ва иш ўрни кўрсаткичларини ошириш лозимлиги алоҳида таъкидланган эди.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги туманлар ҳокимликлари вилоятга бириктирилиб, ўзаро биргаликда ишлаш, ҳудудда янги лойиҳаларни жорий этиш зарурлиги белгиланди. Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ўтказилаётган анжуманнинг биринчи кунида Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган 400 дан ортиқ тадбиркорлар учун Тошкент вилоятининг кўп қиррали инвестициявий салоҳияти батафсил намойиш этилди.

Асосий мақсад Тошкент вилоятида инвестиция муҳитини янада яхшилаш, иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, саноат, хизмат кўрсатиш, туризм ва қурилиш соҳаларидаги лойиҳаларга маҳаллий ва хорижий инвесторларни кенг жалб этиш, янги иш ўринларини яратишдир. Шу билан бирга, қўшни пойтахт ҳудуди билан биргаликда аҳоли ва тадбиркорларга қулайлик яратиш режалаштирилган.
Форумда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов, Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ва бошқалар сўзга чиқиб, тадбиркор ва ишбилармон доира вакилларини Тошкент вилоятининг ҳар тарафлама қулай имконият ва ресурсларидан фойдаланган ҳолда ўз тадбиркорликларини вилоят ҳудудларида кенгайтиришнинг муҳим жиҳатлари ҳақида атрофлича фикр юритди. Ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлиги акс эттирилган тақдимотлар намойиш қилинди.

– Тадбиркор ва ишбилармонлар учун вилоят ҳокимлигида махсус Тезкор штаб фаолияти йўлга қўйилган, – дейди Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев. – У ерда улар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб ҳамда қўшимча маълумотлар олишлари мумкин.
Тошкент вилоятида сўнгги 8 йилда 10 миллиард доллар ҳудудий, 8 миллиард доллар тармоқ инвестициялари киритилган, 10 мингга яқин саноат, савдо ва сервис корхоналари ишга тушган. Охирги 3 йилда йиллик айланма 10 миллиард сўмдан кўп бўлган корхоналар сони 1,8 баробар ошиб, 1,7 мингга етган. Шунингдек, айланмаси 100 миллиард сўмдан юқори корхоналар эса 137 тадан 193 тага кўпайган. Натижада олдинги йилларда йиллик ўртача экспорт 1 миллиард долларга ҳам етмаган бўлса, шу йилнинг 8 ойида бу рақамдан ошган.

Форумда В2В ҳам В2G форматида ташкил этилган очиқ ва конструктив мулоқот ва мунозараларда 100 га яқин ишбилармон доира вакиллари фаол иштирок этиб, ўз таклиф ва ташаббусларини билдирди. Ҳар бир таклиф масъул идоралар мутасаддилари томонидан шу ернинг ўзида қайд этиб борилди ва ҳар тарафлама ўрганиб чиқилиши маълум қилинди.

Анжуманинг биринчи иш кунида Президент маслаҳатчиси Ғафуржон Мирзаев иштирок этди ва сўзга чиқди. Бизнес форум икки кун давом этади ва унда мамлакатимизнинг турли нуқталаридан ва хориж мамлакатларидан ишбилармон доира вакиллари қатнашади.
А.Мусаев, ЎзА.