Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига Фаррух Зокиров номи берилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Фаррух Зокиров ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодга муносиб етказиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, бутун умрини санъатга бахшида этиб келаётган, ўзбек миллий эстрадасини дунёга тараннум қилиб, юртимизнинг маданияти ва санъати нуфузини юксалтиришга беқиёс ҳисса қўшаётган, серқирра фаолияти халқлар ўртасида маънавий кўприк бўлиб хизмат қилаётган устоз санъаткор - Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Фаррух Зокиров ижодини кенг тартиб қилиш ва ёш авлодга муносиб етказиш мақсадида Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига Фаррух Зокиров номи берилади.
Фаррух Зокиров номидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқув-тарбия жараёнини мувофиқлаштириб бориш ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш бўйича бадиий-педагогик кенгаш ташкил этилади ҳамда унинг таркиби қарорга мувофиқ тасдиқланади.
Мактабда:
"Ялла" номидаги болалар ансамбли фаолияти ташкил этилади;
Ёшлар ижодий лабораторияси ҳамда "устоз-шогирд" анъаналари асосида эстрада йўналиши бўйича ижрочилик маҳорат мактаблари ташкил этилади;
Мактаб бадиий-педагогик кенгаши қарори билан ташкил этилган маҳорат мактабининг устоз-ижодкорлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида рағбатлантириб борилади.
Ёшлар ижодий лабораторияси доирасида:
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 3 нафардан болалар мусиқа ва санъат мактабининг иқтидорли ўқувчиларидан иборат гуруҳ шакллантирилиб борилади ҳамда таътил даврида ёзги тўгаракка жалб этилиб, эстрада хонандалиги бўйича махсус бепул курсларда ўқитилади;
2026/2027 ўқув йилига қадар замонавий овоз ёзиш ва тасвирга олиш студияси ташкил этилади ҳамда у саҳна жиҳоз ва либослари билан таъминланади;
Мактаб ва ёзги тўгаракка жалб қилинган ўқувчиларнинг ижод намуналари телевидение ва халқаро онлайн платформаларда намойиш этиб борилади.
Ёшлар ижодий лабораториясини ташкил этиш, уни жиҳозлаш ва ҳудудлардан ўқувчиларни ёзги тўгаракка жалб этиш, шу жумладан, уларнинг яшаш, овқатланиш ва транспорт харажатлари тўлиқ Давлат бюджетидан қопланади.
Ҳар йили Мактаб ва ёзги тўгаракнинг иқтидорли 5 нафар ўқувчилари ҳамда уларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларининг нуфузли халқаро танловларда иштирок этиши билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджетидан қопланади. Бунда ушбу танловлар рўйхати Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланади.
2026-2027 йилларда тажриба-синов тариқасида халқаро нуфузли танловларда ғолиб ва совриндор бўлган Мактаб ва ёзги тўгарак ўқувчилари (жамоалари) ҳамда уларни тайёрлаган ўқитувчи (концертмейстер) қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан ратбағлантирилади:
"Гран-при" ва 1-ўрин соҳиби 30 миллион сўм, ўқитувчи (концертмейстер) 20 миллион сўм миқдорида;
2-урин соҳиби 20 миллион сўм, ўқитувчи (концертмейстер) 10 миллион сўм миқдорида;
3-ўрин соҳиби 10 миллион сўм, ўқитувчи (концертмейстер) 5 миллион сўм миқдорида.
Мактабда аъло баҳоларга ўқиётган ўқувчиларнинг 10 нафарини Мактаб бадиий-педагогик кенгаши қарори билан Маданият вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаби ҳамда мактаб-интернатларига имтиҳонларсиз қўшимча квота асосида қабул қилиш тартиби жорий этилади.
ЎзА