Маданият ва санъат ходимлари куни нишонланди
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Маданият ва санъат соҳаси ходимлари куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан табриклади.
Таъкидланганидек, ҳар қандай халқнинг маданияти ва санъатига бўлган ҳурмат – бу ўша халқнинг тарихи, миллийлиги, урф-одат ва анъаналарига бўлган ҳурмати ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ушбу байрам илдизлари чуқур тарихга эга кўпмиллатли халқимизнинг, бутун юртимизнинг байрами, десак, адашмаган бўламиз.
[gallery-28774]
Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда юртимизда Президентимиз томонидан маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга, ходимларга қулай шароитлар яратишга ва уларнинг хизматларини муносиб баҳолашга, аҳолининг маданий дам олишини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтган қисқа давр мобайнида соҳага оид қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани бу борадаги чора-тадбирлар кўламини янги босқичга кўтармоқда.
Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги янги биносининг фойдаланишга топширилиши эса, маданият ва санъат соҳаси ходимлари учун ҳақиқий туҳфа бўлди.
Байрам тадбири санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.