Тўрақўрғонда ёш полвонлар сараланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Республикамиз бўйлаб кенг қулоч ёйган “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ва “Президент олимпиадаси” мусобақаларининг биринчи босқичи Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида ҳам юқори савияда ташкил этилмоқда.
Мусобақалар доирасида эркин кураш, юнон-рум кураши ҳамда аёллар кураши йўналишлари бўйича қизғин ва муросасиз баҳслар бўлиб ўтмоқда. Ёш спортчилар ўз маҳорати, куч-ғайрати ҳамда ғалабага бўлган интилиши билан ажралиб турибди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими ўринбосари И. Парпиев, Миллий олимпия қўмитаси Наманган вилояти ижрочи директори А. Аҳмадалиев, спорт бошқармаси бўлим бошлиғи Ф. Мамаджанов иштирок этиб, ёш спортчиларга омад тилади. Улар бундай мусобақалар келажак чемпионларини тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
[gallery-28491]
Қайд этилганидек, мазкур беллашувлар ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, спортга бўлган қизиқишни ошириш ҳамда иқтидорли спортчиларни саралаб олишга хизмат қилмоқда.
Ғолиблар мусобақанинг кейинги босқичига йўлланма олиш учун курашни давом эттиради.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА