“Silk Road Kokand” халқаро ярим марафони юқори савияда ташкил этилди
Қўқон шаҳрида “Silk Road” халқаро ярим марафони бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари ҳамда хорижий давлатлардан келган 4 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашди. Мазкур мусобақа “Silk Road Uzbekistan” баҳорий туркумининг якуний босқичи сифатида ташкил этилди.
Қадимий Қўқоннинг тарихий кўчалари бўйлаб ўтган мусобақа спорт, туризм ва маданий меросни ўзида мужассам этган йирик халқаро тадбирга айланди.

Тадбир Марказий Осиё югуриш ва юриш академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ташкил этилди.

Марафоннинг старт шаҳарчаси Фарғона водийсининг машҳур меъморий ёдгорликларидан бири — Худоёрхон саройи ёнида жойлаштирилди. Меҳмонлар ва иштирокчилар мусобақа билан бир қаторда Қўқоннинг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти билан ҳам яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
“Silk Road Uzbekistan” лойиҳаси мамлакатда оммавий спорт маданиятини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, Нукус, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларида ҳам босқичма-босқич ўтказиб келинмоқда. Лойиҳа спорт туризмини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг халқаро спорт майдонидаги нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.

Мусобақа дастуридан ярим марафон, 5 ва 10 километрлик югуришлар, болалар учун “Kids Run” стартлари, талабалар ўртасидаги “Talaba Yugur” оммавий югуриши ҳамда “Inson Uchun” инклюзив хайрия югуриши ўрин олди.
Айниқса, “Inson Uchun” хайрия югуриши тадбирнинг энг таъсирли йўналишларидан бири бўлди. Унда ногиронлиги бўлган шахслар, профессионал спортчилар ва югуриш ишқибозлари бир масофада қатнашиб, оммавий спортнинг барча учун очиқ ва бирлаштирувчи майдон эканини намоён этди.

“Kids Run” болалар стартлари эса тадбирга ҳақиқий оилавий спорт байрами муҳитини бағишлади. Ёш иштирокчилар ташкилотчилар ва ҳамкорлар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мусобақа соврин жамғармаси 153 миллион сўмни ташкил этди.
Ярим марафон, 5 ва 10 километрлик баҳсларда эркаклар ва аёллар ўртасида 18 та совринли ўрин учун ғолиблар аниқланди.
Мусобақа якунларига кўра, асосий масофаларда қуйидаги иштирокчилар ғолибликни қўлга киритди:
21 км:
— Маржона Аҳмадалиева — 1:17:30
— Андрей Петров — 1:03:40.
10 км:
— Дилшода Усмонова — 0:36:32
— Жобир Қаҳҳоров — 0:30:12.
5 км:
— Меҳринисо Умаралиева — 0:17:35
— Отабек Тошқувватов — 0:14:46.
“Silk Road Kokand” марафони оммавий спортга қизиқиш тобора ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади. Мусобақа турли ёш ва касб эгалари, шунингдек, турли мамлакат вакилларини соғлом турмуш тарзи, ҳаракат ва бирлик ғоялари атрофида жамлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА