Топшириқлар тўлиқ бажарилмагани маълум бўлди
Президент қарорлари асосида Сирдарё вилоятида 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган ҳамда оғир ижтимоий шароитда яшаётган 85 та оиланинг уй-жойини таъмирлаш учун давлат бюджетидан 3 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилган. Бироқ жойларда ўтказилган ўрганишлар давомида айрим хонадонларда қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган талаблар даражасида бажарилмагани аниқланган.
Ушбу масала Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида ҳокимлик ишчи гуруҳининг жойларда ўтказган ўрганишлари натижалари муҳокамасига бағишланган танқидий-таҳлилий йиғилишда кўриб чиқилди.
Йиғилишда таъкидланишича, масъул ташкилотлар томонидан тақдим этилган ҳисоботларда қурилиш-таъмирлаш ишларининг 72 фоизи бажарилгани қайд этилган. Бироқ, вилоят ҳокимининг топшириғига асосан тузилган ишчи гуруҳнинг жойларда олиб борган ўрганишлари ҳисоботларда келтирилган маълумотлар билан амалдаги ҳолат ўртасида тафовут мавжудлигини кўрсатган.

Хусусан, Боёвут туманида 14 та хонадонда таъмирлаш ишлари якунланмаган, икки хонадонда эса ишлар ҳали бошланмаган. Шунингдек, Сирдарё туманидаги «Фурқат» маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳалима Нуриеванинг авария ҳолатидаги уйини таъмирлаш учун қўшимча маблағ ажратилмагани, икки оёғидан маҳрум бўлган Сапар Илябаевнинг хонадонида иситиш тизими ҳамда санитария хоналарини таъмирлаш ишлари бажарилмагани аниқланган. Сайхунобод туманида яшовчи Бобомурод Бобоевнинг уйида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланмагани қайд этилди.

Муҳокама давомида мазкур камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш, ҳар бир хонадонда қурилиш-таъмирлаш ишларини белгиланган талаблар асосида якунлаш, давлат маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш ҳамда бу борадаги назоратни кучайтириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири