Томирида буюклар қони оқаётганини ҳис қилган қизлар ҳамиша юксак марраларни кўзлайди
Президент билан мулоқотдан сўнг...
Президент билан мулоқотда бир қизга қирқ ҳунар ҳам кам деди навоийлик Умматой Йўлдошева. Тантанали маросимдагилар унинг сўзларини тинглар экан, бунга ўзлари ҳам амин бўлишди. Ҳа, шундай, ўзбекнинг қизлари шижоат ва ташаббускорликда йигитларимиздан кам эмас.
Дарвоқе, сўзимиз давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган катта тадбир ҳақида боряпти.
Шу куни йигирма саккиз нафар қиз Зулфия номидаги Давлат мукофотини шахсан Президентдан қабул қилди. Улар орасида “Янги Ўзбекистон” университетининг саноат бошқаруви мутахассислиги бўйича магистранти Умматой Йўлдошева ҳам бор эди.

– Ўқиш билан бирга “Анора” лойиҳаси асосчиси, “AIESEC” ташкилотининг юртимиздаги вакили ҳамда “IT Investments Center Next Up hub Start-Up Studio” лойиҳаси менежери сифатида фаолият олиб бораман, – дейди Умматой Йўлдошева. – Кўпчилик бундай натижаларга қандай эришаётганим, бу лойиҳаларга улгуришим сири нимадалиги билан қизиқади. Уларга жавобим оддий – биз, ёшларнинг томиримизда буюк боболаримизнинг қони оқмоқда. Мен, шунчаки, мамлакатимизда хотин-қизларга яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланяпман. Дастлаб, Прага шаҳридаги “Charles University”да таълим олдим. Ҳозир Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган янги университетда ўқияпман. Халқаро даражадаги таълим стандартлари имкониятларидан фойдаланган ёш сифатида айта оламанки, университетимизда барча шароит яратилган. Хорижлик халқаро тоифадаги профессорлар сабоқ беради. Таълим технологиялари бутунлай замонавий. Умуман, муҳит аъло даражада. Бу ерда ўқиш менга кўп имкониятлар тақдим қиляпти, орзуларим ушалаётган майдон бўляпти.
Шу ўринда унинг баъзи лойиҳаларининг жамият ривожи йўлидаги аҳамияти ҳақида қисқача тўхталиш лозим. Айтайлик, “Анора” лойиҳаси орқали ахборот технологиялари йўналишига қизиқувчи қизларга дастлабки билимлар берилади. Бу промпт инжиниринг, сунъий интеллектнинг нейросетлари имкониятлари орқали яратилган таълим платформаси саналади. Ундан фойдаланиб, қисқа муддатда уйдан чиқмасдан даромад олиш имкониятларидан хабардор бўлиш мумкин. Ушбу лойиҳа орқали бугунги кунгача юз нафардан ортиқ хотин-қиз таълим олди, қўшимча даромад топмоқда.
Сўзимиз бошида унинг “AIESEC” ташкилотининг мамлакатимиздаги вакили эканлигига қисқача тўхталган эдик. Хитойнинг бу ташкилоти дунёнинг юздан ортиқ давлатида ўз офисига эга. Умматой ташкилотдаги фаолияти орқали талабаларимизнинг хориждаги етакчи олий ўқув юртларида малака оширишларига кўмаклашиб келмоқда.
У келгусида замонавий касблар – дастурлаш, ахборот технологиялари, промпт инжиниринг йўналишларида хотин-қизлар фаолиятини жонлантиришни мақсад қилган. Бу билан мамлакатда камбағаллик кўрсаткичини пасайтиришга ўз ҳиссасини қўшиш ниятида.
Шу ўринда бир мулоҳаза, бугунги глобаллашув даврида ахборот технологияларини жамиятнинг барча жабҳаларига жорий этиш барқарор ривожланишнинг энг муҳим омилига айланди. Айниқса, давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни рақамлаштириш коррупциянинг олдини олишда муҳим восита сифатида эътироф этилмоқда. Чунки рақамли технологиялар орқали шаффофликни таъминлаш, инсон омилини камайтириш ва маълумотлардан самарали фойдаланиш мумкин.
Шунинг учун ҳам рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш – мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигини таъминлашда энг муҳим қадамлардан биридир.
Йиғилишда Умматой Йўлдошеванинг ташаббусларини тинглаган давлатимиз раҳбари бу лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади. Шу ерда уни камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирига маслаҳатчи лавозимига тавсия этди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири