Толмас ижодкор
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида мамлакатимиз адабий ҳаётида муҳим ўрин тутадиган, руҳий-маънавий аҳамияти билан алоҳида эътиборга молик ижодий анжуман бўлиб ўтди.
Унда таниқли шоир ва публицист Абдурасул Жумақулнинг 60 йиллик юбилейи кенг нишонланиб, ижодкорнинг сўнгги йилларда яратилган “Кундузги чироқ” ва “Фақат сен” номли китоблари кенг китобхонлар жамоасига тақдим этилди.
Адабиёт ва маънавият аҳли вакиллари, таниқли шоир ва ёзувчилар, журналистлар, олимлар ҳамда ёш ижодкорлар жам бўлган ушбу учрашув баланд ва самимий руҳда ўтди.
Анжуманда эътироф этилганидек, Абдурасул Жумақулов миллий медиа соҳасида, адабиётда катта тажрибага эга бўлган, ўз сўзи ва овозига эга таниқли ижодкор саналади.
Тадбирда Абдурасул Жумақул ижодининг ўзбек шеъриятидаги ўрни, унинг бадиий тафаккури, ҳаётий кузатувларга бой асарлари ҳамда инсон қалбининг нозик қатламларини теран ифодалашдаги маҳорати алоҳида таъкидланди.
[gallery-29107]
Устоз адиб ва шоирлар Абдурасул Жумақул ижодига хос бадиий хусусиятлар, унинг шеъриятида самимият ва ҳаётийлик уйғунлиги, инсоний туйғуларнинг табиий ва таъсирчан ифодаси ҳақида атрофлича фикр юритди.
Шоирнинг ижодий изланишлари замирида Ватанга муҳаббат, инсон қадр-қиммати, ҳаётнинг мураккаб ва ранг-баранг манзараларини англашга интилиш ётгани қайд этилди. Айниқса, унинг публицистик фаолиятида жамият ҳаётидаги долзарб муаммоларга бефарқ бўлмаган фуқаролик позицияси ёрқин намоён бўлиши алоҳида эътироф этилди.
Тақдим этилган “Кундузги чироқ” китоби ҳаёт ҳақиқатларини бадиий мушоҳада орқали ёритишга қаратилган бўлиб, унда инсон руҳияти, замон нафаси, кечинмалар олами ўзига хос поэтик талқинда акс этган.
“Фақат сен” тўплами эса ишқ ва садоқат, меҳр ва вафо сингари абадий мавзуларни самимий оҳанг, нафис бадиий тасвирлар орқали очиб беради. Ушбу китоблар муаллиф ижодининг навбатдаги етук босқичини намоён этиши билан бирга, замонавий ўзбек адабиётининг ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши алоҳида таъкидланди.
1966 йилда Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида таваллуд топган Абдурасул Жумақул ўзининг сермаҳсул ижоди билан адабиёт ва журналистика соҳасида мустаҳкам ўрин эгаллаган ижодкорлардан биридир. У Тошкент давлат университети – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини, кейинчалик Термиз давлат университетининг иқтисодий менежмент йўналишини тамомлаб, узоқ йиллар давомида турли нашрларда самарали фаолият юритиб келмоқда.
Шоирнинг “Осмон бешиги”, “Юракка сиғмаган гаплар”, “Сурхон полвонлари”, “Ишқ боғи”, “Йиллар ва йўллар” каби асарлари кенг китобхонлар меҳрини қозонган.
Ижодкорнинг меҳнати давлатимиз томонидан ҳам муносиб эътироф этилган. У “Шуҳрат” медали ва “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган бўлиб, бу мукофотлар унинг миллий адабиёт ва маънавият ривожига қўшган ҳиссасининг юксак баҳосидир.
Тадбир давомида Абдурасул Жумақулнинг шеърларидан намуналар ўқилди, унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган илиқ хотиралар, самимий тилаклар билдирилди. Ёш ижодкорлар устоз адибнинг ижодий тажрибасидан илҳомланиб, ўз саволларига жавоб олди. Учрашув жараёнида устоз ва шогирд анъаналари, адабиётнинг бугунги тараққиёт йўллари, китобхонлик маданиятини юксалтириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Анжуман якунида Абдурасул Жумақул сўзга чиқиб, бундай эътибор ва эҳтиром учун миннатдорлик билдирди. Ўз ижодий режалари, янги асарлар устида олиб бораётган ишлари ҳақида сўз юритди. Адабиётга садоқат, сўзга масъулият ва китобхон ишончини оқлаш ижодкор учун энг муҳим мезон эканини алоҳида таъкидлади.
Н.Усмонова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлари