Қўшиққа айланган умрлар
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 90 йиллигига бағишланган хотира кечаси ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров таваллудининг 80 йиллик юбилейига бағишланган “Қўшиққа айланган умрлар” номли адабий-бадиий кеча ўтказилди.
Тадбирда юртимизда миллий санъатимиз ривожига улкан ҳисса қўшган дарға устозларга эътибор ва эҳтиром кўрсатиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Ботир Зокиров (1936–1985) — ўзбек замонавий профессионал эстрада санъатининг асосчиси, бетакрор хонанда, истеъдодли рассом, ёзувчи ва актёр эди. У нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро миқёсда ҳам тан олинган санъаткор сифатида ном қозонган эди.

Унинг ижодий фаолияти мусиқа ва хонандалик, тасвирий санъат, адабиёт ва таржима каби йўналишларни қамраб олгани билан аҳамиятли эди. Ботир Зокиров ўзбек миллий мусиқасини замонавий эстрада билан уйғунлаштира олган санъаткор эди. Унинг репертуаридан ўзбек халқ қўшиқлари, ўзи басталаган асарлар ва жаҳон халқларининг қўшиқлари жой олгани билан диққатга сазовор. “Араб тангоси” унинг энг машҳур ва ташриф қоғозига айланган ижроларидан бири.
Ботир Зокиров моҳир рассом сифатида ҳам танилган. Унинг “Саратон”, “Гумбазлар” ва “Болалик кўчаси” каби рангтасвир асарлари машҳур. Устоз санъаткор кўплаб ҳикоя, очерк ва шеърлар муаллифи эди. Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичик шаҳзода” ва Евгений Шварцнинг “Соя” асарларини илк бор ўзбек тилига таржима қилган.

Ботир Зокиров 1964 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган, вафотидан сўнг (2000 йилда) эса “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Фаррух Зокиров ва «Ялла» гуруҳининг ижоди нафақат Ўзбекистон, балки бутун Шарқ ва МДҲ мусиқа оламида инқилобий ўзгариш ясаган. У анъанавий ўзбек миллий мусиқасини (мақом ва фольклор) замонавий мусиқа билан уйғунлаштира олган санъаткор. Фаррух Зокиров ўзбек фольклорини замонавий аранжировкада тақдим этган илк ижодкорлардан бири. Унинг қўшиқлари миллий оҳанглар замонавий ритмлар билан шундай уйғунлашганки, бу мусиқа ҳам ёшларга, ҳам катта авлодга бирдек манзур бўлган.

Устоз Фаррух Зокиров ижодида Шарқ фалсафаси, бетакрор романтика кучли экани диққатга сазовор. Қўшиқларидаги оҳанглар ва ижро услуби тингловчини Шарқнинг сеҳрли оламига, иссиқ қумликлар ва қадимий шаҳарлар, бебаҳо миллий қадриятлар муҳитига олиб киради.
«Ялла»нинг ўзига хос «кўп овозли» (полифоник) ижро услуби бор. Фаррух Зокировнинг ўзига хос юмшоқ ва ширали овози гуруҳнинг бошқа аъзолари овозлари билан уйғунлашиб, яхлит бир гармонияни ҳосил қилади.

Санъаткор нафақат мусиқада, балки саҳна кўринишида ҳам миллийликни тарғиб қилиб келмоқда. У ўз қўшиқлари учун ҳам мумтоз, ҳам замонавий шеъриятнинг энг сара намуналарини танлайди. Бу эса қўшиқларнинг матн жиҳатдан ҳам теран ва мазмунли бўлишини таъминлайди. Фаррух Зокиров ижоди — бу миллий илдизларга содиқ қолган ҳолда жаҳон мусиқа стандартларига чиқишнинг ёрқин намунасидир.
Тадбирда Зокировлар сулоласининг миллий санъатимиздаги ўрни ва аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди. Дилбар қўшиқлар ижро этилди.
Устоз санъаткор Фаррух Зокиров Президентимиз, Ватанимиз, халқимиз томонидан кўрсатилган бундай иззат ва эҳтиром учун миннатдорлик изҳор этди.
Н.Усмонова, ЎзА