ШҲТга аъзо давлатлар таълим вазирларининг ўнинчи йиғилиши бўлиб ўтди
Халқаро ҳамкорликлар нафақат мамлакат тараққиётига, балки миллатлараро ҳамжиҳатликка ҳам ундайди.
Беларусь Республикасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар таълим вазирларининг ўнинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
“Таълим орқали ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, ҳамкорлик ва билимлар маконини кенгайтириш, ШҲТнинг умумий тараққиёт келажагини шакллантириш” мавзусида ташкил этилган тадбирда Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон делегациялари иштирок этди.
Йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ўз маърузасида мамлакатимизда олий таълим ва илм-фан соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълим қамровини кенгайтириш, таълим сифатини халқаро стандартлар асосида ошириш, шунингдек, ёшларни инновацион фаолиятга кенг жалб этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Тадбир доирасида иштирокчи давлатлар таълим тизимларининг бугунги ҳолати, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда 2027–2029 йилларда таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Давлатлар делегациялари раҳбарлари ўз чиқишларида таълим сифатини ошириш, академик мобилликни кенгайтириш, рақамли таълим технологияларини жорий этиш, илмий тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва ёшларнинг инновацион фаоллигини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Йиғилишда Ўзбекистон делегацияси мамлакатимизда олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда ШҲТ доирасидаги таълим лойиҳаларида иштирокни янада фаоллаштиришга қаратилган ташаббуслар ҳақида маълумот берди.
Якунда ШҲТга аъзо давлатлар таълим вазирларининг ўнинчи йиғилиши баённомаси имзоланди ҳамда таълим ва илм-фан соҳаларидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувларга эришилди.
Тадбир доирасида ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари Минск шаҳридаги Ғалаба майдонида жойлашган Ғалаба монументи пойига гулчамбар қўйиш маросимида қатнашди.
Шербек Исломов,
ЎзА