Тил — миллий ўзлик ифодаси
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида 21 октябрь — ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги муносабати билан «Ўзбек тили — миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли» шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда она тилимизнинг миллий ўзлигимизни англаш, халқимизнинг бой маънавий мероси ва қадриятларини асраб-авайлаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги беқиёс аҳамияти эътроф этилди.

Тадбир аввалида Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан самимий табриклади. У ўз нутқида ўзбек тилининг давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий ва маънавий-маърифий ҳаётимиздаги ўрни беқиёс эканини қайд этди. Шунингдек, она тилимизнинг халқаро минбарларда баралла янграётгани, унинг нуфузи ва қўлланиш доираси кенгайиб бораётгани ҳар биримиз учун ғурур ва ифтихор манбаи эканини таъкидлади.

Дарҳақиқат, она тили — миллатнинг руҳи, тарихий хотираси ва маънавий қиёфасини намоён этувчи бебаҳо бойлик. Уни асраб-авайлаш, софлигини сақлаш, турли соҳаларда тўғри қўллаш, айниқса, ёш авлод қалбида она тилига ҳурмат ва муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлаш ҳар биримизнинг муҳим вазифамиздир.

— Юртимизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланаётгани каби Гулистон туманида ҳам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги муносабати билан ташкил этилган байрам тадбири она тилимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. «Ўзбек тили — миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли» деган шиор замирида халқимизнинг миллий ғурури, маънавий қиёфаси ва асрий орзу-интилишлари мужассам. Зеро, тил — миллатни миллат сифатида намоён этувчи, унинг тарихи, маданияти ва қадриятларини авлоддан авлодга етказувчи бебаҳо бойликдир.
Бугун ўзбек тилининг халқаро майдондаги нуфузи ортиб, турли соҳаларда қўлланиш доираси кенгайиб бораётгани барчамизга ғурур бағишлайди. Айниқса, ёш авлодни она тилимизга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш, унинг бой имкониятларидан самарали фойдаланиш ва адабий тил меъёрларига риоя қилиш муҳим аҳамиятга эга. Она тилимизни асраб-авайлаш ва унинг нуфузини юксалтириш нафақат бугунги куннинг, балки келажак олдидаги ҳам масъулиятли вазифамиздир, — деди «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳибаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Баҳринисо Норжигитова.


Байрам тадбири давомида туман Маданият бўлими санъаткорлари томонидан ўзбек тилини улуғловчи дилрабо қўшиқлар ижро этилди. Миллий қадриятларимиз, она тилимизнинг жозибаси ва маънавий қудратини акс эттирган саҳна кўринишлари иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Тадбир она тилимизга бўлган эҳтиромни янада ошириш, миллий ўзлигимиз ва маънавий қадриятларимизни асраб-авайлаш, ёш авлод қалбида ўзбек тилига муҳаббат туйғусини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири