Ҳар бир сўзда миллат руҳи
Тил — миллатнинг тарихи, маънавияти ва ўзлигини ўзида мужассам этган беқиёс қадрият. Унинг нуфузи ва мавқеини юксалтириш эса нафақат тилшунослар, балки бутун жамиятнинг маънавий вазифасидир. Шу маънода, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги муносабати билан Бухорода ўтказилган “Оммавий диктант” халқаро марафони алоҳида аҳамият касб этди.
Бухоро давлат педагогика институти ташаббуси билан “Ҳар бир сўзда миллат руҳи, ҳар бир ёзувда тил ғурури!” шиори остида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги олий таълим муассасалари раҳбарлари, масъул ходимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этишди. Мазкур ташаббус мамлакатимизда давлат тилининг нуфузини ошириш, унинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан ҳамоҳангдир.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги йилларда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми ва нуфузини мустаҳкамлаш, замонавий илм-фан ва таълим тили сифатидаги имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат тилига оид қонунчиликни такомиллаштириш, уни ўрганиш ва қўллаш учун янги имкониятлар яратиш, тил маданиятини юксалтиришга қаратилган ишлар бу борадаги эзгу мақсадларнинг амалий ифодасидир.

Бухорода ўтказилган “Оммавий диктант” ҳам ана шу жараённинг муҳим таркибий қисми бўлиб, унинг аҳамияти фақат диктант ёзиш билан чекланмайди.
— Марафоннинг асосий мақсади ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини янада юксалтириш, аҳолининг ёзма саводхонлигини ошириш ҳамда она тилимизга бўлган меҳр ва эҳтиромни мустаҳкамлашдан иборат, — дейди Бухоро давлат педагогика институти ректори, профессор Баҳодир Маъмуров. — Тадбир давомида профессор-ўқитувчилар ва талабалар диктант ёзиш орқали ўз билим ва саводхонлик даражаларини синовдан ўтказди. Бу жараён иштирокчиларга имло қоидаларини мустаҳкамлаш, сўз бойлигини ошириш ва она тилимизнинг бой имкониятларини янада чуқурроқ англаш имконини берди.
Дарҳақиқат, ёзма саводхонлик — тил маданиятининг муҳим кўрсаткичларидан бири. Инсоннинг фикри қанчалик теран бўлмасин, уни аниқ ва равон ифода эта олиши учун тил меъёрларини билиши зарур. Шу нуқтаи назардан, оммавий диктант каби тадбирлар иштирокчиларни ўз устида ишлашга, имло қоидаларига эътиборли ва тилга масъулият билан муносабатда бўлишга ундайди.
Марафоннинг яна бир эътиборли жиҳати — унда Ҳиндистондан келган талабаларнинг ҳам иштирок этгани бўлди. Хорижлик ёшларнинг ўзбек тилида диктант ёзиши нафақат тадбирга халқаро руҳ бағишлади, балки она тилимизга хорижда ҳам қизиқиш ортиб бораётганини намоён этди.

Ҳиндистонлик талабаларнинг ўзбек тилида ёзишга интилиши, унинг имло қоидаларини ўзлаштиришга ҳаракат қилиши ва тилнинг бой имкониятларини англашга қизиқиши — ўзбек тилининг мулоқот воситаси сифатидаги доираси тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Бугун ўзбек тили нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий таълим муассасаларида ҳам ўрганилмоқда. Бу жараён тилнинг маданий ва маърифий салоҳиятини дунёга кенгроқ танитиш учун янги имкониятлар яратади. Шу маънода, “Ҳар бир сўзда миллат руҳи, ҳар бир ёзувда тил ғурури!” шиори остида ўтказилган халқаро марафоннинг мазмуни бир тадбир доирасидан анча кенг. Зеро, тилга эҳтиром уни тўғри ёзишдан, тўғри сўзлашдан ва кундалик ҳаётда масъулият билан қўллашдан бошланади.

Бундай ташаббуслар ёш авлод онгида она тилига дахлдорлик туйғусини кучайтиради, ёзма ва оғзаки нутқ маданиятини юксалтиради. Энг муҳими, тилни асраш ва ривожлантириш фақат байрам саналарида эмас, балки ҳар куни амалга ошириладиган маънавий вазифа эканини яна бир бор эслатади. Зеро, миллатнинг ўзлиги унинг тилида намоён бўлади. Тил яшаса — миллатнинг тарихи, хотираси ва маънавий мероси ҳам барҳаётдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири