“TIHE 2026”: Тиббиёт соҳасидаги илғор ечимлар намойиш этилмоқда
Соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, замонавий тиббий технологияларни амалиётга жорий этиш ҳамда халқаро тажриба алмашинувини кенгайтириш бугунги куннинг энг устувор вазифаларидан биридир. Айниқса, диагностика, даволаш, фармацевтика ва эстетик тиббиёт соҳаларидаги инновацион ечимлар инсон саломатлигини муҳофаза қилишда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, бугун “CAEx Uzbekistan” кўргазмалар мажмуасида ўз ишини бошлаган Тошкент халқаро “Соғлиқни сақлаш - TIHE 2026” кўргазмаси минтақадаги энг йирик тиббиёт тадбирларидан бири сифатида алоҳида эътироф этилади.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ҳамда унинг ҳамкори “ICA Eurasia Group” томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда 20 та мамлакатдан 300 дан ортиқ компания иштирок этмоқда.
Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимиз тиббиёт соҳасини ривожлантиришда бу каби кўргазма, мулоқот ва ҳамкорлик муҳим эканини қайд этди.
[gallery-29048]
Таъкидланишича, мазкур тадбир 1995 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинади. У ўзининг 30 йиллик фаолияти давомида тиббиёт соҳасидаги энг йирик халқаро майдонлардан бири сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаб улгурган. Бугунги кунда кўргазма тиббиёт мутахассислари, бизнес ва давлат идоралари вакиллари ўртасида тажриба алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда энг сўнгги технологияларни намойиш этиш учун муҳим ва нуфузли майдон вазифасини бажармоқда.
“Delta Max Group” компанияси савдо менежери Шуҳрат Сатимовнинг таъкидлашича, корхона бир неча йилдан буён халқаро тиббиёт кўргазмаларида фаол иштирок этиб келмоқда.
– Биз “Delta Max Group” сифатида Европа давлатларида ишлаб чиқарилган замонавий тиббий ускуналарни тақдим этамиз. Ушбу ускуналар жарроҳлик ва даволаш жараёнларини янада самарали ва юқори сифатли даражага олиб чиқишга хизмат қилади. Умуман олганда, биз ушбу анъанавий кўргазманинг 12 йиллик фаол иштирокчисимиз ва шу давр мобайнида катта тажриба ҳамда мустаҳкам бизнес алоқаларини шакллантиришга эришдик. Ҳар бир кўргазма биз учун янги имкониятлар эшигини очади. Бу ерда нафақат маҳсулотларимизни тақдим этамиз, балки янги ҳамкорлар билан учрашамиз, бозор эҳтиёжларини ўрганамиз ва соҳадаги сўнгги тенденциялар билан танишамиз, – деди у.
Кўргазма доирасида замонавий тиббий техника ва диагностика ускуналари, лаборатория жиҳозлари, дори-дармонлар, стоматология ускуналари, тиббиёт муассасалари учун мебель ҳамда фармацевтика саноатига оид илғор технологиялар намойиш этилмоқда. Шунингдек, Германия, Хитой, Ҳиндистон ва Латвия миллий павильонлари ҳамда бир қатор давлатлар компанияларининг жамоавий стендлари ҳам ўз маҳсулот ва ечимларини тақдим қиляпти.
Шунингдек, ушбу мажмуада “Beauty Uzbekistan-2026” - гўзаллик, косметология ва парфюмерия-косметика саноатининг ихтисослаштирилган халқаро кўргазмаси ҳам очилди. Унда 15 та мамлакатдан 100 дан ортиқ компания ўз маҳсулотларини ҳавола этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур кўргазмалар 30 апрель куни ўз ишини якунлайди.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА