Кўза кунда эмас, кунида синади
Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда сифати кафолатланмаган дори воситаларининг ноқонуний савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди.
Вилоят божхона бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Балиқчи туманида ўтказилган тезкор тадбирда тумандаги иккита хонадонда 6 турдаги жами 6 минг 221 дона турли дори воситалари ҳамда 2 минг 400 дона тиббий қўлқоплар ноқонуний тарзда сақланиб келинаётгани аниқланди.

Ўрганишлар давомида мазкур тиббий воситалар айнан бир шахсга тегишли бўлиб, уларни келгусида сотиш мақсадида ушбу хонадонларга жойлаштирганлиги маълум бўлди. Мутахассисларнинг қайд этишича, оғриқ қолдирувчи ва энергия берувчи дея таърифланган ушбу дори воситаларининг сифати кафолатланмаган, сақланиш шароитлари ҳам талаб даражасида бўлмаган.

Ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда олдиндан кузатувга олинган автотранспорт воситаси Избоскан тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилганида, автомашинада 5 турдаги жами 1 минг 392 дона сифати кафолатланмаган дори воситалари борлиги аниқланди.

Андижон тумани ҳудудидаги яшаш хонадонлардан бири белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, 7 турдаги болалар учун мўлжалланган жами 2 минг 262 дона дори воситалари борлиги аниқланди. Ушбу фуқаронинг автомашинасидан эса яна 4 турдаги 71 дона инъекция учун мўлжалланган дори воситалари топилди.

Божхона бошқармаси ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида аниқланган қарийб 10 минг дона сифат сертификатига эга бўлмаган дори воситалари сотилишининг, юзага келиши мумкин бўлган юзлаб кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олинди.
Юқоридаги ҳолатлар бўйича текширув-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.