Тиббиёт ходимлари “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида беллашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий шаҳрида тиббиёт ходимлари ўртасида “Соғлом танда – сифатли тиббиёт” шиори остида “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги” спорт мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ж. Хўжаев ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилояти Кенгаши раиси Н. Тоғаева иштирок этиб, мусобақа қатнашчиларига омад тилади.
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ташкил этилган мусобақанинг қуйи босқичларида 10 минг 285 нафар тиббиёт ходими қатнашди. Туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 518 нафар иштирокчи волейбол, футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка спорт турлари бўйича ўзаро куч синашди.
[gallery-29034]
Якуний натижаларга кўра, Қизилтепа тумани тиббиёт бирлашмаси жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги” соҳиби бўлди.
Ғолиб жамоага 30 миллион сўмлик сертификат топширилди. Шунингдек, барча ғолиб ва фаол иштирокчиларга эсдалик совғалари тақдим этилди.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА