“Тўмарис издошлари”: ғолиблар муносиб тақдирланди
Бухоро шаҳрида талаба-қизларнинг жисмоний салоҳияти, шижоати ва билим-маҳоратини намоён этувчи “Тўмарис издошлари” спорт мусобақасининг ҳудудий босқичи юқори савияда ташкил этилди. Мазкур тадбир ёш қизларни спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш ҳамда жамоавий бирдамлик кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилди.
Мусобақада вилоятдаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли ва фаол талаба-қизлар иштирок этиб, турли шартлар бўйича ўз иқтидорларини намоён этди. Беллашув жараёнида иштирокчилар нафақат жисмоний тайёргарлик, балки зеҳн, эпчиллик ва тезкор қарор қабул қилиш қобилиятларини ҳам синовдан ўтказдилар.
– Ёшларимиз, айниқса,қизларимизнинг жисмоний ва маънавий баркамоллигини таъминлаш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатидаги устувор вазифалардан биридир. Ушбу мусобақа ғолибларни аниқлаш билан бирга, талабалар ўртасида соғлом ва фаол ҳаёт тарзини қарор топтиришга хизмат қилади, – деди Бухоро давлат университети ректори, профессор Обиджон Ҳамидов.
Мазкур мусобақада Бухоро давлат университети, Бухоро давлат педагогика институти, Бухоро давлат техника университети ҳамда Бухоро давлат тиббиёт институти жамоалари ўзаро куч синашди.
Иштирокчилар тўртта мураккаб ва қизиқарли шарт асосида беллашдилар. “Жамоани таништириш” шартида ижодий ёндашув ва саҳна маданияти баҳоланган бўлса, “Спорт билан ҳамнафасмиз” йўналишида тезкорлик ва жисмоний чидамлилик синовдан ўтказилди. “Биринчи тиббий ёрдам” шартида фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш бўйича амалий билимлар намоён этилди. “Велосипедда учиш” беллашувида эса иштирокчиларнинг эпчиллиги ва мувозанатни сақлаш маҳорати баҳоланди.
[gallery-29043]
Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосасига кўра, умумжамоа ҳисобида 1-ўрин Бухоро давлат университети жамоасига насиб қилди. 2-ўринни Бухоро давлат педагогика институти ҳамда Бухоро давлат техника университети жамоалари эгаллади. 3-ўрин эса Бухоро давлат тиббиёт институти жамоасига насиб этди.
“Тўмарис издошлари” мусобақаси талаба-қизларнинг нафақат жисмоний тайёргарлиги, балки масъулиятни ҳис этиш, жамоада ишлаш, мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш каби муҳим ҳаётий кўникмаларини ҳам намоён этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.