Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимояда
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан Ангрен шаҳрида кенг жамоатчилик вакиллари ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда мутахассислар томонидан 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, тизим ходимларига ўтган даврда жами 3 минг 500 га яқин ва 2026 йил I чораги давомида мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Ҳисобот даврида жами 150 дан ортиқ ҳолатларда “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилганлиги бўйича ишлар қўзғатилган ҳамда давлат бошқарув органлари ва маҳаллий ҳокимлик органларига 14 та ҳолатда тақдимномалар киритилган.

Давлат харидлари юзасидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қўмитаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан умумий бошланғич нархи 1 триллион сўмдан зиёд бўлган 1 минг 339 та давлат харидлари ўрганилди. Қонунчилик талаблари бузилиш ҳолатлари юзасидан 768 та харид бўйича жами 96 та иш қўзғатилган. Улар юзасидан 96 та маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган.
Шунингдек, жами 25 та ҳолатда 2 миллиард сўмдан ортиқ молиявий санкциялар қўлланилган. 96 та иш юзасидан жами 26 та ҳолатда танлов савдоларини бекор қилиш чораларини кўриш юзасидан ёзма кўрсатма берилган. Ноҳалол рақобат, тил бириктиришлар ва картель келишув ҳолатлари бўйича 27 та иш қўзғатилиб, тегишли чоралар кўрилган.

– Ҳисобот даврида ҳудудий бошқарма томонидан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жами 190 та иш қўзғатилган. Бундан ташқари, халқ истеъмол товарларининг сифати ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига назорат харидлари ўтказилди. Туман ва шаҳарларда ташқи реклама ва ташқи тарғибот воситаларини тартибга солиш юзасидан мониторинг ишлари ўтказилди. Натижада аниқланган ҳолатларнинг 90 фоиздан ортиғига ташқи реклама воситасини бартараф қилиш чоралари кўрилган, – дейди Тошкент вилояти ҳудудий бошқарма бошлиғи Жўрабек Исмоилов.
Мулоқотда иштирокчи тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан жавоб олди.


А.Мусаев, ЎзА.