Тезкор-қидирув ва процессуал чора-тадбирлар давом эттирилмоқда
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларни турли иллатлардан асрашга қаратилган устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бу йўналишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилаётган тизимли тезкор тадбирлар жиноий гуруҳлар фаолиятига ўз вақтида чек қўйиш, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир ана шундай саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси бўлди.
Тезкор тадбир давомида Зарбдор туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган Х. У. Жиззах шаҳри ҳудудида тўхтатилиб, белгиланган тартибда текширувдан ўтказилди.
Текширув жараёнида ушбу шахснинг ёнида бўлган хўжалик қопи кўздан кечирилганда, унинг ичида умумий оғирлиги 4 килограмм 840 грамм бўлган каннабис ўсимлиги мавжудлиги аниқланди. Мазкур гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида белгиланган тартибда мусодара қилинди.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, мазкур жиноятга алоқадор бўлиши мумкин бўлган бошқа шахсларни аниқлаш, гиёҳвандлик воситасининг келиб чиқиш манбаи ҳамда унинг эҳтимолий тарқатиш занжирини фош этиш юзасидан тегишли тезкор-қидирув ва процессуал чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.
Мутахассислар таъкидлаганидек, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, балки бутун жамиятнинг ҳамкорлигини талаб этади. Бу иллатга қарши муросасиз курашиш, унинг тарқалиш омилларини бартараф этиш ҳамда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш орқали жиноятчиликнинг олдини олиш мумкин.
Жиззах вилоятида ўтказилган мазкур тезкор тадбир натижалари ҳам гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш изчил давом этаётганини, қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқаролар хавфсизлигини муҳофаза қилиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳамкорлиги самарали натижа бераётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири