Ўзбек тили барчамизни бирлаштиради!
Наманган давлат педагогика институтида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Ўзбек тили барчамизни бирлаштиради!” мавзусида адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда она тилимизга ҳурмат, миллий адабиётимизга муҳаббат ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган қатор маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Байрам доирасида китоблар ярмаркаси, тасвирий санъат кўргазмаси, шеърхонлик кечалари, талабаларнинг ижодий чиқишлари ҳамда илмий-назарий семинар ўтказилди.
Институтнинг Ҳабиб Саъдулла номидаги бадиий тафаккур масканида “Мушоира клуби” аъзолари томонидан шеърлар ўқилди. “Мутолаа маскани”да эса ўзбек тили ва адабиёти йўналиши талабалари иштирокида китобхонлик маданияти, бадиий асарлар таҳлили ва мутолаанинг аҳамиятига бағишланган адабий мулоқотлар ташкил этилди.
“Ёшлар инновацион боғи” саҳнасидаги байрам дастурида талабалар она тили, Ватан ва миллий қадриятларни тараннум этувчи шеърлар ўқиб, монолог ва қўшиқлар ижро этди. Жумладан, Абдулла Орипов, Усмон Носир, Жамол Камол ва бошқа шоирлар ижодидан намуналар тақдим этилди.
Тадбир доирасида “Ўзбек тилим – ифтихорим” мавзусида илмий-назарий семинар ҳам бўлиб ўтди. Семинарда ўзбек тилининг тарихий тараққиёти, миллий ўзликни англашдаги ўрни, давлат тилининг нуфузини янада ошириш ва унинг маънавий ҳаётимиздаги аҳамияти хусусида фикр алмашилди.
[gallery-32103]
Мазкур тадбир ёшларнинг она тилига бўлган ҳурматини мустаҳкамлаш, миллий адабий меросни кенг тарғиб этиш, китобхонлик ва нутқ маданиятини ривожлантиришга хизмат қилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА