Термизда “Келажак тадбиркори — 2026” касб кўргазмаси ўтказилди
Сурхондарё вилоятида ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, инновацион ғоя ва стартап лойиҳаларини рағбатлантириш, олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида “Келажак тадбиркори — 2026” йирик касб кўргазмаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Миллий банки, тегишли вазирлик ва идоралар, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбир ёшларнинг истиқболли бизнес ғоялари ва инновацион ишланмаларини намойиш этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда касбий фаолиятга йўналтириш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Кўргазманинг очилиш маросимида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш ва истиқболли ташаббусларни рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, меҳнат бозорида муносиб ўрин топиши ва ўз бизнесини йўлга қўйиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамиятга эга.
Кўргазма давомида олий таълим муассасалари битирувчилари ва тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар ўз ғоялари, инновацион ишланмалари ҳамда стартап лойиҳаларини тақдим этди. Иштирокчилар касбий ривожланиш, иш билан таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятлари билан яқиндан танишди.
[gallery-32256]
Тадбирнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, у ёшларга нафақат ўз билим ва салоҳиятини намоён этиш, балки ташаббусларини амалий фаолиятга йўналтириш имконини ҳам берди.
“Келажак тадбиркори — 2026” кўргазмаси таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёшларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ҳамда ҳудудда ёшлар тадбиркорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА