Термизда аҳоли учун кадастр хизматларидан фойдаланиш имконияти кенгайди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги Давлат хизматлари марказида аҳолига кадастр хизматларидан фойдаланишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Кадастр маслаҳат бурчаги” фаолияти йўлга қўйилди.
Мазкур ташаббус орқали фуқаролар кадастр соҳасига оид давлат хизматлари бўйича мутахассислардан бепул маслаҳат ва амалий кўмак олиш имкониятига эга бўлмоқда.
[gallery-30997]
Хусусан, мурожаатчиларга кўчмас мулк ва ер участкаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, мулкий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек, электрон давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби бўйича батафсил тушунтиришлар берилмоқда.
Шу билан бирга, фуқароларнинг мурожаатларига жойида ҳуқуқий ва амалий ечимлар таклиф қилиниб, ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш ҳамда давлат хизматларидан тезкор ва самарали фойдаланиш юзасидан тавсиялар бериляпти.
Таъкидланганидек, “Кадастр маслаҳат бурчаги” аҳоли учун кадастр хизматларининг очиқлиги ва қулайлигини ошириш, уларнинг вақтини тежаш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш ҳамда давлат хизматларидан фойдаланиш сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА