“Сиёсатдаги ёшлар” интеллектуал турнири ўтказилди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Шуманай туманида “Сиёсатдаги ёшлар” интеллектуал турнири ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси ва Шуманай тумани Кенгашлари масъул ходимлари, Ёшлар ишлари агентлиги Шуманай тумани бўлими вакиллари, партиянинг “Ёшлар қаноти” аъзолари, партия фаоллари, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мустақиллик байрами арафасида ташкил этилган турнирдан асосий мақсад ёшларнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимларини ошириш, уларнинг сиёсий жараёнлардаги фаол иштирокини рағбатлантириш, шунингдек, билим ва интеллектуал салоҳиятини намоён этишлари учун имконият яратишдан иборатдир.

Беллашув иккита шарт асосида ўтказилди. “Тезкор савол-жавоб” шартида иштирокчилар давлат бошқаруви, сиёсий жараёнлар ва жамият ҳаётига оид саволларга тезкор ва аниқ жавоб бериш орқали ўз билим ва зукколигини намойиш этди. “Мулоҳаза ва мантиқий таҳлил” шартида эса жамоа сардорлари ташкилотчилар томонидан тайёрланган саволлардан бирини танлаб, жамоа аъзолари билан биргаликда жавоб берди. Ушбу шартда иштирокчиларнинг таҳлилий фикрлаши, жамоавий ишлаш қобилияти ва ўз фикрини асослаб бериш маҳорати синовдан ўтказилди.

Юқори савияда ўтказилган интеллектуал турнир якунларига кўра ғолиблар аниқланиб, “Бирлашган иттифоқ” жамоаси биринчи, 33-мактаб жамоаси иккинчи, “Лидерлар” жамоаси учинчи ўринларни қўлга киритишди.
Ғолиб ва совриндор жамоалар Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг махсус дипломлари ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Тадбир якунида партия сафига янги қабул қилинган ёшларга партия аъзолик гувоҳномалари ва эсдалик совғалари топширилди.
Бундай интеллектуал тадбирлар ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, уларни жамоат ва сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишга рағбатлантириш ҳамда лидерлик салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилиши қайд этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири