Термиз чинниларининг Тожикистонда ҳам харидори кўп
Ўзбек ва тожик азалдан икки тилда сўзлашувчи бир халқ, яқин қўшни сифатида аҳил-иноқ яшаб келмоқда.
Ўзбек ва тожик азалдан икки тилда сўзлашувчи бир халқ, яқин қўшни сифатида аҳил-иноқ яшаб келмоқда.Сурхондарё вилоятида ҳам тожик миллати вакилларининг тинч, фаровон ҳаёт кечириши, воҳада юз бераётган ўзгаришларда фаол иштирок этиши учун барча шароит яратилган. Тожик миллий маданий маркази фаолият юритмоқда. Бошқа миллат вакиллари билан тинч-тотув турмуш кечираётган тожик миллати вакиллари турли байрамларда миллий урф-одатлари, санъати, маданияти ва қадимий ҳунармандлик анъаналарини кенг тараннум этаётир.
Вилоятдаги таълим тожик тилида олиб борилувчи умумтаълим мактабларида навқирон авлод учун барча шароит ва имкониятлар мавжуд. Термиз давлат университетининг тожик филологияси бўлимида тожик миллатига мансуб йигит-қизлар фан сирларини пухта ўрганиб, Ўзбекистонга керакли мутахассислар бўлиб етишмоқда.
Айни пайтда мамлакатларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва яқин қўшничиликка асосланган ҳамкорлик савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ривожланиб, ишбилармонларимиз ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар мустаҳкамланишига хизмат қилаётир. Ўтган йили сурхондарёлик тадбиркорлар томонидан Тожикистон Республикасига тухум, чинни буюмлар ва бошқа тайёр маҳсулотлар етказиб бериш йўлга қўйилгани бунинг ёрқин далилидир.
Вилоят марказидаги замонавий ускуналар билан жиҳозланган “Сурхон Термиз чинни” масъулияти чекланган жамиятида 45 турдаги нафис чинни буюмлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда тайёрланаётган чиннилар нафақат ички бозор, балки қўшни Афғонистон ва Тожикистон давлатларида ҳам ўз харидорларига эга.
– Тожикистонлик ҳамкорлар буюртмаси асосида ўтган йил охирида ушбу мамлакатга чинни экспорт қилишни бошладик, – дейди “Сурхон Термиз чинни” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Р.Неъматуллаев. – Маҳсулотларимиз харидорларга манзур бўлмоқда. 2018 йилнинг дастлабки ойида яна 150 минг долларлик маҳсулотга буюртма олдик. Маҳсулотларнинг сифати ва уларни тожикистонлик буюртмачиларга ўз вақтида етказиб беришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Тадбиркорларимиз ўртасида йўлга қўйилган бундай ҳамкорлик мамлакатларимиз иқтисодиётини ривожлантириш ва халқларимиз фаровонлигига муносиб ҳисса бўлиб қўшилаётир.