Инфляция 2027 йилда 5 фоизлик таргетгача пасайиши кутилмоқда
Бугун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг асосий ставка бўйича навбатдаги йиғилиши якунлари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Унда соҳа мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирда Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Очилов қабул қилинган қарорлар ва пул-кредит сиёсатининг келгуси йўналишлари юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:
– Бугунги кунда иқтисодиётда инфляцион жараёнлар нисбатан барқарорлашаётган бўлса-да, ички талабнинг юқорилиги ва ташқи иқтисодий шароитлардаги ноаниқликлар инфляцион хатарларнинг сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари пасайиб бораётгани, базавий инфляциянинг барқарорлашиши ижобий тенденциялардан ҳисобланади.

Биз пул-кредит сиёсатини белгилашда ушбу омилларнинг барчасини, айниқса, инфляцияга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ички ва ташқи хатарларни инобатга оламиз. Шу асосда бугунги Бошқарув йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилдик.
Жорий йил сентябрь ойида умумий инфляция йиллик ҳисобда 6,4 фоизни, базавий инфляция эса 5,5 фоизни ташкил этди. Хизматлар инфляцияси 7 фоизгача тезлашди. Аҳолининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари 8,7 фоизни, тадбиркорларники эса 9,2 фоизни ташкил этди.
Шу билан бирга, иқтисодиётда юқори ички талаб сақланиб қолмоқда. Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида ялпи ички маҳсулот ўсиши 8,3 фоизни ташкил этди. Инвестицион фаоллик ва аҳоли реал даромадларининг ўсиши ҳам иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватламоқда. Ушбу омилларни ҳисобга олиб, йил якунида иқтисодий ўсиш 8 фоиз атрофида бўлишини кутяпмиз.

Ташқи бозорлардаги ноаниқликлар, озиқ-овқат ва энергия ресурслари нархларининг ўзгарувчанлиги, шунингдек, тартибга солинадиган нархлар ўзгариши инфляцион хатарларни юзага келтирмоқда. Бунда, айниқса, ушбу омилларнинг бошқа товар ва хизматлар нархларига иккиламчи таъсирини диққат билан кузатиб борамиз.
Бошқарув йиғилишида асосий ставкани 13,5 фоизгача пасайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бироқ мавжуд инфляцион хатарлар ва ички талабнинг юқорилигини ҳисобга олиб, ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ, деб топилди.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якунида инфляция 7 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Тартибга солинадиган нархлар ўзгаришининг бевосита таъсири қисқа муддатли бўлиб, қатъий пул-кредит шароитлари унинг бошқа нархлар ва инфляцион кутилмаларга иккиламчи таъсирини чеклашга хизмат қилади. Натижада, инфляцияни 2027 йил якунига қадар 5 фоизлик таргет даражасига туширишни кутяпмиз.

Шунингдек, 2027-2029 йилларга мўлжалланган пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари концептуал жиҳатдан маъқулланди. Асосий сценарийга кўра, иқтисодий ўсиш 2027 йилда 7-7,5 фоизни, 2028-2029 йилларда эса 6,5-7,5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Бунда пул-кредит шароитларининг қатъийлигини сақлаш, миллий валютадаги жамғармалар жозибадорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Чунки бугунги жамғармалар эртага инвестицияларга айланади. Шу боис сўмда жамғаришни рағбатлантириш ва миллий валютадаги ҳисоб-китобларни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатимизни изчил давом эттирамиз.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.