Темурийлар даври – унутилмас тарих
Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамкорлигида “Темурийлар даври дурдоналари” номли кўргазма очилди.
Амир Темур ва Темурийлар даврига оид маданият, санъат ва илм-фан ютуқларини илмий асосда ёритиш, тарихий аҳамиятини очиб бериш ҳамда ёш авлод онгида миллий хотира ва тарихий тафаккурни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда Темурийлар даврига оид меъморчилик обидалари, амалий санъат намуналари, ҳарбий санъат экспонатлари ҳамда нумизматика намуналарини ўз ичига олган 20 та фомиксда график тасвирлар ва илмий изоҳли маълумотлар тақдим этилди.
Тадбирда қайд этилганидек, ушбу визуал ва матнли материаллар орқали ташриф буюрувчилар Темурийлар даврининг ижтимоий, сиёсий, маданий ва иқтисодий ҳаёти ҳақида батафсил тасаввурга эга бўлади.
[gallery-28528]
Ушбу кўргазма илмий тадқиқотчилар, тарихчилар, талабалар ва соҳа мутахассислари учун муҳим илмий манба вазифасини бажаради. Шу билан бирга, кенг жамоатчилик учун очиқ бўлган мазкур лойиҳа ташриф буюрувчиларга буюк саркарда Амир Темур ва унинг авлодларига тегишли тарихий ва маданий мерос билан яқиндан танишиш имконини яратади.
Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ташкил этилган “Темурийлар даври дурдоналари” кўргазмаси миллий меросни асраш, ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган муҳим илмий-маърифий ташаббус сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Гулноза Бобоева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА