Темурий маликалар: Гавҳар Шод бегим (+видео)
Гавҳар Шод бегим Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳруҳ Мирзонинг суюкли катта хотини, Чиғатой зодагонларидан Ғиёсиддин Тархоннинг қизи эди. Ривоят қилишларича, Ғиёсиддин Тархоннинг бобокалони — Қушлик бир вақтлар Чингизхон мулозиматида бўлиб, бир жанг асносида уни ўлимдан сақлаб қолган экан. Шундан буён Чиғатой улусида бу авлод юксак эътибор ва ҳурматга сазовор бўлган.
Гавҳар Шод бегим 1379 йилда туғилиб, 1393 йилда Шоҳруҳ Мирзо никоҳига кирган. Ундан уч ўғилу икки қиз кўрган. Тўнғич ўғли —Улуғбек Мирзо кўрагон (Муҳаммад Тарағай, 1394—1449), ўртанча ўғли — Бойсунғур Мирзо (1397—1433) ва кичик ўғли — Муҳаммад Жўки Мирзо (1401 —1445) лардир.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Гавҳар Шод бегим юксак дид-фаросатли, оқила, тадбиркор, сухандон, бир сўзли — қатъиятли, ҳусн бобида ҳам беназир аёл бўлган. Табиатан диндор Шоҳруҳ Мирзо кўп вақтини тоат-ибодат ва китоб мутолаасига сарфларди. Салтанат, девон ишларини ўктам ва тадбиркор хотини Гавҳар Шод бегим бошқарарди. Бу зийрак аёл қайнотаси Амир Темур вафотидан сўнг, секин-аста салтанат ишларини ўз қўлига олди. Зотан, Шоҳруҳ Мирзонинг ўзи ҳам хотини Гавҳар Шод бегимнинг донолигига тан берар, салтанатни бошқаришда оқилона ва тадбирли маслаҳатларига эҳтиёж сезиб турарди. Шу боис, салтанатга доир кўпгина ишлар маликанинг назар-эътиборига ҳавола қилинган. Вилоятларга ҳоким тайинлаш, қўшинга саркарда белгилаш, ҳатто кимга қандай инъом ва кимга қандай жазо бериш масалалари ҳам маликанинг инон-ихтиёрида эди.
Шоҳруҳ Мирзо даврида Хуросон сиёсий-ижтимоий ва маданий жиҳатдан анча гуркираб ўсди. Мамлакат пойтахти Ҳирот иқтисодий ва маданий юксалишда Шарқнинг энг нуфузли шаҳарларидан бирига айланди. Табийки, мамлакатнинг бундай юксалишида "амалий ҳукмдор" малика Гавҳар Шод бегимнинг ҳиссаси беқиёс. Табиатан ватанпарвар, билимдон ва зукко Гавҳар Шод бегим мамлакат равнақи йўлида тинмай ғамхўрлик қилади. Унинг дастурида маданий ва маърифий ҳаёт биринчи ўринда бўлган. Шу боисданми, фарзандлари ҳамда барча набиралари илм-фан мухлислари бўлиб, ҳатто ғазал ҳам битганлар. Гавҳар Шод бегим Ҳиротдаги жуда кўп қурилиш ишларига раҳномалик қилди. Унинг ўзи ҳам Ҳиротда иккита катта мадраса қурдирган.
1446 йилда қариб қолган Шоҳруҳ Мирзо ўз набираси — Қазвин, Рай ва Қум вилоятларининг ҳукмдори Султон Муҳаммад Мирзога (Бойсунқир мирзонинг ўғли) қарши ғарбга юриш бошлайди. Бу юришдан мақсад ўзбошимча ёш шаҳзоданинг адабини бериб қўйиш эди. Шоҳруҳ Мирзо Ғарбий Эронда ҳеч қандай қаршиликка учрамади. Чунки шаҳзода Султон Муҳаммад Мирзо бобосининг келаётганини эшитгач, Шерозни қамалдан бўшатиб, ўзи тоққа қочиб кетган эди. Шоҳруҳ Мирзо Шерозга киргач, шаҳзоданинг барча яқин кишиларини жазога ҳукм қилади. Гавҳар Шод бегимнинг қатъий талаби билан бир неча саййидлар ҳам қатл этиладилар. Саййидлар устидан бундай жазо ҳукмини чиқаришга на Амир Темур ва на Улуғбек Мирзо ботина олмас эдилар.
Давлатшоҳ Самарқандийнинг ёзишича, саййидлар Шоҳруҳ Мирзодан "адолат юзасидан тафтиш ўтказиш" ни ёлбориб сўрайдилар. Аммо Шоҳруҳ Мирзо малика Гавҳар Шод бегимнинг хоҳишини қайтаролмайди ва ҳукм ижро этилади. Ниҳоят, саййидлар дор остида туриб, Шоҳруҳ Мирзони "дуойи бад" қиладилар. Бинобарин, кўп ўтмай Шоҳруҳ Мирзо авлоди қирилиб кетиш сабабини мазкур саййидлар қарғишига учраганлигининг оқибатидир, деб ёзади Давлатшоҳ Самарқандий.
Шаҳзодаларнинг ноиттифоқлигидан фойдаланган Самарқанд ҳукмдори Султон Абусайид Мирзо Хуросонни босиб олади. Бу вақтда малика Гавҳар Шод бегим 80 ёшга яқинлашиб, анча қариб қолган эди. Бироқ қариб қолган малика Хуросон тахтидан хали ҳам воз кечмаган эди. Бинобарин, чевараси Султон Иброҳим Мирзони ҳукмдор Султон Абусайид Мирзога қарши исён кўтаришга ундайди. Маликанинг бу ҳаракатидан хабар топган Султон Абусайид Мирзо маликани чопиб ташлашга фармон беради. Фармонга мувофиқ 1457 йилда Гавҳар Шод бегим чопиб ўлдирилади ва ўзи қурдирган мадраса ёнидаги Бойсунғур даҳмасига дафн этилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/E3bUnM6Eems?si=IpdoHLvQI5Fj19Ul" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА