Тарғибот тадбирида ёшлар фаол иштирок этди
Ўтаётган ҳар бир кун бизни мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови санасига тобора яқинлаштирмоқда.
Айни пайтда Наманган вилояти адлия бошқармаси томонидан аҳолининг сайловга оид билимларини ошириш, ушбу сиёсий жараёнда фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида шаҳар ва туманларда турли тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Хусусан, Косонсой туманида туман ҳокимлиги, Ички ишлар бўлими, Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда "Мен сайлаш ҳуқуқига эгаман" хештеги остида тарғибот тадбири ўтказилди.

Тадбир доирасида бўлиб ўтган юриш марафони туман марказидаги "Ёшлар хиёбони"даги тантанали концерт дастурига уланиб кетди. Тадбир якунида Косонсой тумани ҳокими Баҳодир Юсупов марафонда ғолиб бўлган фаол ёшларга диплом ва эсдалик совғаларини топширди. Шунингдек, тадбир давомида туман Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан "Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси" ташкил этилиб, вақтинча ишсиз бўлган ўғил-қизлар ўзларига мақбул иш жойларига эга бўлди.

– Мазкур тадбирларни ўтказишдан мақсад, Президент сайловида туман ёшларини кўтаринки руҳда, фаол иштирок этишга чорлаш, – дейди Ёшлар иттифоқи Косонсой тумани кенгаши раиси Муҳаммад Хўжахонов.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА