Танловлар ва мусобақалар
Ёшлик изланиш, ўзини синаш ва янги марралар сари интилиш даври. Бу жараёнда билим билан бирга жисмоний чиниқиш, интизом, жамоавийлик ва Ватанга садоқат туйғусини шакллантириш ҳам муҳим. Шу мақсадда ўқувчи ёшлар ва “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати отрядлари аъзолари иштирокида “Ёш божхоначи” танлови ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаси ўтказилди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Ёшлар ишлари бошқармаси ва вилоят божхона бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган беллашувда 250 нафар ёш иштирок этди. Улар билим ва зукколик билан бир қаторда, эпчиллик, тезкорлик, аниқлик ва жисмоний тайёргарлик борасида ҳам ўз имкониятларини намойиш қилди.
Тадбир Миллий гвардия муддатли ҳарбий хизматчиларининг қўл жанги бўйича намойишкорона чиқишлари билан бошланди. Бу иштирокчиларда мусобақага хос кўтаринки кайфият уйғотиб, майдондаги беллашувларга янада руҳ бағишлади.
Шундан сўнг жамоалар низомда белгиланган шартлар бўйича куч синашди. “АК-74” автомати қисмларини ажратиш ва қайта йиғиш эстафетасида тезкорлик, диққат ва аниқ ҳаракат талаб этилди. Ҳар бир сония муҳим бўлган бу шартда иштирокчиларнинг ҳарбий-амалий тайёргарлиги яққол намоён бўлди.
“Моҳир мерган” беллашуви эса диққат ва ўзини бошқара билишни талаб қилди. Нишонни аниқ мўлжалга олишда иштирокчилар нафақат маҳорат, балки сабр ва диққатни бир нуқтага жамлай олиш қобилиятини ҳам намоён этди.
Жисмоний куч ва жамоавий ҳамжиҳатлик “Арқон тортиш” шартида яққол кўринди. Камондан отишда эса аниқлик ва сабр-тоқат синовдан ўтказилди. Ҳар бир шарт ёшларнинг турли қобилиятини намоён этишга хизмат қилди.
[gallery-31655]
Беллашувнинг билимга асосланган қисми ҳам қизиқарли кечди. Заковат синовларида мактаб дарсликлари асосидаги аниқ фанлар ҳамда божхона соҳасига оид саволлар ўрин олди. Иштирокчилар бу шартда назарий билими, мантиқий фикрлаши ва божхона соҳасига оид тушунчаларини намоён этди.
“Ёш божхоначи” танлови ёшларга соҳа билан яқиндан танишиш имконини ҳам берди. Улар божхона органларида хизмат қилиш юксак билим, масъулият ва интизомни талаб этишини англаб, ушбу касбнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот олди.
Мусобақа якунида “Темурбеклар” жамоаси биринчи, “Матонат” жамоаси иккинчи, “Ёш божхоначилар” жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб ва совриндорларга Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Ёшлар ишлари бошқармаси ва Божхона бошқармасининг диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.
Муҳими, майдондаги ҳар бир шарт ёшлар учун оддий беллашувдан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Улар куч ва маҳорат билан бирга, бир мақсад йўлида ҳаракат қилиш, шеригига ишониш, интизомга риоя этиш ва масъулиятни ҳис қилишни амалда кўрсатди.
Бундай тадбирлар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни соғлом турмуш тарзига жалб қилиш ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Энг муҳими, бу каби беллашувлар ёшларни ўз устида ишлашга, билим ва қобилиятини синаб кўришга, янги мақсадлар сари интилишга ундайди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари