Камбағаллик 2,8 фоизга туширилади: 2025 йил натижалари, 2026 йил режалари
Камбағалликни қисқартириш фақат ишсиз кишини ишга жойлаштириш ёки оилага кредит ажратишдан иборат эмас. Энг муҳими, инсоннинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши, оиласини мустақил таъминлаши ва эртанги кунига ишонч билан қараши.
ОАВ учун контент тайёрлаш марказида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги фаолиятининг 2026 йил 9 ойлик натижаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда вазирлик мутасаддилари, марказий аппарат таркибий тузилмалари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда тақдим этилган маълумотларга кўра, ўтган 2025 йилда 5,4 миллион нафар аҳоли даромадли меҳнат билан таъминланган. Уларнинг 1,3 миллион нафари доимий ишга жойлаштирилган, 2,1 миллион нафари тадбиркорлик фаолиятига жалб этилган.

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 2025 йилда 761 минг оиланинг имкониятлари ва эҳтиёжлари ўрганилиб, улар учун индивидуал режалар ишлаб чиқилган. Шундан 523 минг оила, яъни 2,3 миллион аҳоли даромадини оширишга қаратилган хизматлар билан қамраб олинди. Ушбу оилаларни қўллаб-қувватлаш учун 2,2 триллион сўм кредит ажратилди, 265 миллиард сўм молиявий кўмак берилди. Шунингдек, 369 минг фуқаро ишга жойлаштирилгани, 528 минг нафар киши тадбиркорликка жалб этилгани ва 54 минг нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилгани қайд этилган.
Шунингдек, 2025 йилда маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари ташаббуси билан қарийб 410 минг микролойиҳа ишга туширилиб, 840 минг нафар аҳолининг даромади оширилган. 32 та йўналишда пилот лойиҳалар амалга оширилиб, 200 минг камбағал оиланинг даромадини оширишга эришилган. Жумладан, 484 та кооператив ташкил этилган, 8 минг 667 та камбағал оилага 21 минг гектар ўрмон фонди ери ижарага берилган, 52 та туризм маҳалласида хизмат кўрсатиш соҳаси ривожлантирилган.
Ўтган йили 5,1 миллион хонадоннинг томорқаси хатловдан ўтказилиб, 478 минг гектар ер майдони бўйича маълумотлар шакллантирилган. Шунингдек, 770 минг фуқарога 230 минг гектар ер ижарага берилган. “Оғир” тоифадаги 864 та маҳаллада суғориш инфратузилмаси барпо этилган, 467 минг хонадон илк бор сув билан таъминланган. Аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланишини қўллаб-қувватлаш учун 3 триллион сўм банк кредити, 385 миллиард сўм агрокомпаниялар маблағлари ҳамда 134 миллиард сўм субсидия ва лизинг маблағлари ажратилган.

Вазирликнинг 2026 йил учун режаларига кўра, камбағаллик даражасини 5,8 фоиздан 2,8 фоизга тушириш, 1 миллион кишини доимий иш билан таъминлаш ва 4 миллион аҳолининг даромадини ошириш кўзда тутилган. Бундан ташқари 263 минг камбағал оила манзилли хизматлар билан қамраб олинади, 3,5 минг маҳаллани камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш режалаштирилган.
Янги иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун 165 триллион сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА