Танлов ғолиблари тақдирланди
Андижон вилояти ахборот-кутубхона марказида Андижон вилояти оила ва хотин-қизлар бошқармаси, “Иқбол” газетаси таҳририяти ҳамкорлигида амалга оширилган “Гендер тенглиги – барқарор ривожланиш асосларидан бири” деб номланган лойиҳа якуни ҳамда ўтказилган ижодий ишлар танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигорахон Юнусова, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, лойиҳанинг эксперт ва тренерлари, ғолиб талабалар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида амалга оширилган мазкур лойиҳа вилоятимизда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга ҳисса қўшди. Айниқса, лойиҳа доирасида ўтказилган семинарлар, танлов ва турли тарғибот тадбирлари аҳоли, айниқса, ёшларнинг гендер тенглиги борасидаги билимларини янада бойитди, – дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигорахон Юнусова.
Тадбирда лойиҳа ташкилотчилари, ҳамкорлари томонидан лойиҳанинг аҳамияти, лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳақида маълумотлар берилди.
Жумладан, лойиҳа доирасида газетада махсус саҳифалар чоп этилгани, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кўплаб ахборот, мақола ва бошқа тарғибот материаллари эълон қилинганлиги, мавзуга оид видеоконтент тайёрланиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилганлиги айтилди.
[gallery-28477]
Лойиҳа доирасида олий ўқув юртлари талабалари ўртасида ўтказилган “Мен гендер тенглик ҳақида нималарни биламан?” мавзусидаги ижодий ишлар танловининг якуний натижаларига кўра, Андижон давлат университети талабаси Дурдона Исломқулова биринчи, Андижон давлат техника институти талабаси Латофат Тожиматова иккинчи, Андижон давлат чет тиллар институти талабаси Моҳидилой Каримова учинчи ўринга сазовор бўлди.
Танлов ғолиблари, фаол иштирок этган талабалар, шунингдек, лойиҳани амалга оширишда фаол қатнашган бир гуруҳ ҳамкор ташкилотчилар томонидан диплом, фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.