Экофракция аъзоларининг сайлов округларидаги учрашувлари қандай кечди?
Қонунчилик палатаси Регламентига мувофиқ, 2026 йил 24-28 март кунлари Қонунчилик палатаси депутатлари сайлов округларида сайловчилар билан навбатдаги учрашувларни ўтказди.
Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг 15 нафар аъзоси ҳам ҳудудларда бўлиб, ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, давлат ташаббусларини тарғиб қилиш ва жойлардаги муаммоларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратди.
Депутатлар томонидан 81 та маҳалла ва 31 та хонадонда мулоқотлар ўтказилиб, 84 та ижтимоий объект, 22 та тадбиркорлик субъекти ва 14 та ташкилот фаолияти ўрганилди. Жами 232 та учрашувда 3200 нафар фуқаро, жумладан 90 нафар тадбиркор иштирок этди.
Наврўз байрами тадбирлари ҳамда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўкаламзорлаштириш ишларида фаол иштирок этилиб, аҳолининг экологик маданиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жойларда асосан экология, ичимлик суви, инфратузилма масалалари кўтарилиб, уларни ҳал этиш бўйича амалий чоралар белгиланди.
Қувонарлиси, бу гал ташаббусли бюджет жараёнлари доирасида аҳоли учун муҳим бўлган, аммо етарли овоз тўпламаган лойиҳалар қайта ўрганилиб, ички йўлларни таъмирлаш, мактаблар ва коммунал инфратузилмани яхшилаш каби устувор йўналишлар саралаб олинди.
Жами 62 та сайёр қабул ўтказилиб, 46 та масала кўтарилди. Уларнинг асосий қисми экология, коммунал хизматлар, бандлик ва ижтимоий соҳага оид бўлди. Кўрилган чоралар натижасида 11 та масала жойида ҳал этилди, қолганлари тегишли даражаларда назоратга олинди.
Амалий натижалар сифатида Наманганда чиқиндилар муаммоси ҳал этилди, электр таъминоти яхшиланди, Андижонда фуқаролар иш билан таъминланди, Самарқандда ичимлик суви таъминотини яхшилаш ишлари бошланди.
Халқ вакилларининг бу каби амалий учрашувлари аҳоли муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этиш, шунингдек, ислоҳотлар самарасини жойларда таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА