Тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди
Тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси ва савдоси яширин иқтисодиётнинг очиқ-ойдин кўринишларидан бири ҳисобланади. Божхона қўмитаси матбуот хизмати тақдим этган навбатдаги маълумотда ана шу масалага оид навбатдаги тезкор тадбир натижалари маълум қилинди.
Маълумки, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб республикада тамаки маҳсулотлари савдоси фақат электрон тўлов воситалари орқали, яъни нақд пулсиз амалга оширилиши белгиланган. Бироқ шунга қарамай, айрим шахслар томонидан катта йўллар четида тамаки маҳсулотларини ноқонуний равишда сотиш ҳолатлари учраб турибди.
Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ва ички ишлар органлари вакиллари билан ҳамкорликда пойтахтнинг Шайҳонтоҳур туманида тезкор тадбир ўтказди.

Тадбир давомида серқатнов кўчалардан бирида тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланаётган шахсга тегишли «Дамас» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада мазкур транспорт воситасида қиймати қарийб 34 миллион сўмлик 848 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди. Тезкор тадбир давомида ушбу шахснинг яшаш хонадонлари ҳам белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Кўрик жараёнида қиймати қарийб 390 миллион сўмлик 9,7 минг донадан зиёд тамаки маҳсулотлари қонунга хилоф равишда сақланаётгани фош этилди.
Аниқланишича, 51 турдаги 5 минг 322 қути тамаки маҳсулоти Ўзбекистон Республикаси акциз маркалари билан тамғаланмаган. Шу тариқа, олиб қўйилган жами 10 минг 567 қути тамаки маҳсулотларининг умумий қиймати қарийб 423 миллион сўмни ташкил қилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг дастлабки чорагида республика божхона органлари томонидан аниқланган 240 та қонунбузилиш ҳолатида қиймати 38 миллиард сўмлик 2,2 миллион қути сигаретларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА