Таълим тизимидаги янги ҳамкорлик уфқлари
Таълим тизимини модернизация қилиш, илмий-инновацион салоҳиятни ошириш ҳамда университетлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадларига хизмат қилувчи “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи университетлари конгресси” халқаро майдонда муҳим мулоқот платформаси сифатида муваффақиятли якунланди.
Мазкур нуфузли анжуманда Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқова иштирок этиб, олий таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган долзарб масалалар муҳокамасида қатнашди. Конгресс доирасида замонавий таълим моделларини жорий этиш, инновацион ёндашувларни кенгайтириш, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари марказий ўринни эгаллади.

Тадбир давомида турли давлатлардан ташриф буюрган етакчи университетлар вакиллари билан самарали учрашувлар ташкил этилди. Уларда таълим сифатини ошириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ҳамда академик алмашинувни кенгайтириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.

Айниқса, конгресс доирасида Бухоро давлат техника университети томонидан Польшанинг нуфузли олий таълим муассасалари – AGH University of Krakow, University of Gdańsk ҳамда Adam Mickiewicz University in Poznań билан ҳамкорлик меморандумларининг имзоланиши муҳим воқеалардан бири бўлди.

– Бу каби ҳамкорликлар университетимизнинг илмий салоҳиятини янги босқичга олиб чиқади. Энг муҳими, талабаларимиз учун халқаро таълим имкониятлари кенгаяди, уларнинг глобал рақобатбардошлиги ортади. Бундай халқаро анжуманлар нафақат тажриба алмашиш, балки янги илмий ғоялар ва инновацион ечимларни шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Улар университетларнинг глобал таълим маконида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади, – дейди Садоқат Сиддиқова.

“Марказий Осиё – Европа Иттифоқи университетлари конгресси” олий таълим тизимида янги ҳамкорлик уфқларини очди. Унда эришилган келишувлар ва илгари сурилган ташаббуслар келгусида таълим сифати ва илмий тадқиқотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиши, шунингдек, Бухоро давлат техника университетининг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.