Таълим тизимидаги ислоҳотлар нимани ўзгартирди?
Cифатли таълим — мамлакатнинг эртанги тараққиётини белгилаб берадиган энг муҳим омиллардан бири.
Шу боис сўнгги йилларда мактабгача ва мактаб таълими тизимида инфратузилмани янгилашдан тортиб, ўқувчилар билимини баҳолаш, педагог мақомини ошириш ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашгача бўлган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хўш, соҳадаги ислоҳотлар қандай натижа берди?
Мазкур савол юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Эркин Муродов томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, сўнгги 10 йилда мамлакатда 625 та давлат мактабгача таълим ташкилоти барпо этилди. Бугун мактабгача таълим ташкилотлари сони 39 мингтага етган. Бу эса болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасининг 78 фоизга кўтарилишига хизмат қилди. Мактабгача таълим масканларида нафақат қиёфа, балки дастурлар ҳам ўзгарди.
– Ҳар қандай мақсад ва ислоҳотлар натижадорлигига илм-фан билан етиб борилади, – дейди Эркин Муродов. – Тизимда бажарилган жараёнларнинг кўламини рақамлар ҳам яққол кўрсатиб турибди. Хусусан, мактаблар инфратузилмасида ҳам салмоқли ўзгаришлар кузатилмоқда. Шу даврда 304 та янги мактаб қурилди, 3 500 дан ортиқ мактаб таъмирланди. Бу, аввало, ўқувчилар учун замонавий ва қулай таълим муҳитини яратишга қаратилган.
Қарийб 3 500 та мактабда Президент ва ихтисослаштирилган мактаблар тажрибаси асосидаги баҳолаш тизими жорий этилди. Янги тизим ўқувчилар билимини баҳолашда қандай натижа бермоқда?
– Таълим сифати фақат янги бинолар ёки замонавий жиҳозлар билан белгиланмайди. Ўқувчининг билимини холис баҳолаш ҳам муҳим. Шу мақсадда қарийб 3 500 та мактабда Президент ва ихтисослаштирилган мактаблар тажрибаси асосидаги баҳолаш тизими жорий этилди. Бу ёндашув ўқувчининг фақат ёдлаган маълумотини эмас, балки билимни амалда қўллай олиш қобилиятини ҳам баҳолашга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Таълим тизимида ўқитувчининг ўрни ҳам алоҳида эътибор марказида. “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг касбий нуфузини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Қонунчиликда педагогларнинг фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик белгиланди. Бундан ташқари уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш тизимлари жорий этилди. Минглаб педагоглар юқори маош олувчи ходимлар қаторига кирди. Мана шу ислоҳотлар таълимда ҳам ўз самарасини берди. Масалан мактаб битирувчилари орасида олий таълим муассасаларига кирувчилар сони кўпайди, иқтидорли ўқувчилар халқаро олимпиадаларда юқори марраларни забт этди. Масалан, ўтган йили халқаро олимпиадаларда 210 та медаль қўлга киритилган бўлса, бу йил медаллар сони 250 тага етди.
Мактaбгача ва мактаб таълими тизимида 10 дан ортиқ давлат хизмати жорий этилди. Бу фуқароларга айрим хизматлардан масофадан туриб фойдаланиш, вақт ва ортиқча сарф-харажатларни тежаш имконини бермоқда. Умуман, сўнгги йиллардаги ислоҳотларга назар ташланса, мактабгача ва мактаб таълимида бир вақтнинг ўзида бир нечта муҳим вазифа – қамровни кенгайтириш, таълим инфратузилмасини яхшилаш, баҳолаш тизимини такомиллаштириш, педагог нуфузини ошириш ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилганини кўриш мумкин. Энг муҳими, таълимдаги натижа фақат бугунги рақамлар билан эмас, балки шу тизимда таълим олаётган болаларнинг эртанги ютуқлари билан ўлчанади. Бугун қурилаётган мактаб ва боғчалар, жорий этилаётган янги тизимлар ва яратилаётган имкониятлар келажак авлод учун сармоядир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА