Талабаларнинг катта саҳнага чиқиш имкониятлари кенгаймоқда
Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашуви бўлиб ўтмоқда.
Маданият ва санъат йўналишидаги 10 та олийгоҳ ректори ҳар бир талаба билан ишлаб, уларнинг шахсий брендини яратиш, ижодий маҳсулотини сотиш, ҳамкор топишга жиддий эътибор қаратиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга янги ўқув йилидан ҳар бир талабага таниқли ижодкорларни бириктириб, дуал таълимни йўлга қўйиш топширилди. Бунда устоз ижодкорлар ёшларни ўзининг концерт, театр ва томошаларида иштирок этиши учун шароит яратиб, уларни катта саҳнада тайёрлаб боради.
Бунинг учун ушбу устозларга олийгоҳ профессор-ўқитувчисига тенг миқдорда ҳақ тўланади. Таниқли ижодкорлар олийгоҳда дарс берадиган бўлса, ойлигига 50 фоиз устама тўланади.
Янги ўқув йилидан таълим дастурларига “Арт-менежмент”, “Креатив индустрия”, “Лойиҳаларни тижоратлаштириш” сингари замонавий мавзулар киритилади. Киноиндустрия, мода ва дизайн, маданият менежменти каби йўналишларда хориждан 50 нафар тажрибали мутахассис-ўқитувчи олиб келинади.
Талабаларнинг стартап лойиҳалари учун 10 та олийгоҳга 50 миллиард сўм берилади.
Ҳозир маданият ва санъат соҳаси ходимларининг малакасини ошириш бўйича яхлит тизим йўқлиги боис, Консерватория ҳузуридаги марказ ҳамда Санъат ва маданият институтидаги марказ негизида Маданият вазирлигида соҳа ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ташкил қилинади.
Айни пайтда давлатимиз раҳбари учрашувда иштирок этаётган соҳа намояндалари билан мулоқот қилмоқда.
ЎзА