Талабалар дарахт кўчатлари экишда фаоллик кўрсатишмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги “Мен ҳам кўчат экаман” акцияси юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Янгиер шаҳрида ҳам кенг қўллаб-қувватланмоқда.
Хусусан, Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида ўтказилган навбатдаги кўчат экиш тадбирида профессор-ўқитувчилар билан бир қаторда талаба-ёшлар ҳам фаол иштирок этишди. Тадбир давомида филиал ҳудудига қарийб 2 минг туп яссен, чинор, терак, қайрағоч каби манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатлари экилиб, яшил ҳудудлар янада кенгайтирилди.

Филиал директори ўринбосари, ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул Отабек Абдуғаниев таъкидлаганидек, мазкур ташаббус шунчаки оммавий акция эмас. Унинг замирида она заминга эҳтиром, табиатни асраш, экологик мувозанатни таъминлаш ва келажак авлод учун соғлом муҳит яратишдек эзгу мақсадлар мужассам. Шу билан бирга, бу ишлар халқимизга хос ободончилик, ҳовли ва кўчаларни саришта тутиш, гул-райҳонлар экиб, атроф-муҳитни гўзаллаштириш каби қадриятларнинг амалий ифодаси сифатида намоён бўлмоқда.

Талаба-ёшлар ҳам бу жараёнда катта иштиёқ билан иштирок этишмоқда. Улардан бири Усмон Бердиев ўз фикр-мулоҳазаларини шундай ифодалади: – Бугун экилаётган ҳар бир кўчат эртага соя-салқин берадиган улкан дарахтга айланади. Унинг кимгадир фойдаси тегишини ўйлашнинг ўзи мароқли. Шу боис, курсдошларим билан бирга ушбу лойиҳада фаол қатнашдик.

Маълумки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимизда кенг кўламли “яшил белбоғлар” барпо этиш режалаштирилган. Бу эса шамол ва қум-чанг бўронларининг салбий таъсирини камайтириш, чўлланиш жараёнларига қарши курашиш ҳамда аҳоли учун қулай экологик муҳит яратишга хизмат қилади.

Статистик маълумотларга кўра, ўтган йили Сирдарё вилоятида ушбу лойиҳа доирасида баҳор мавсумида 9 миллион 120 минг, куз мавсумида эса 8 миллион 800 минг тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилиб, “Яшил боғ” ва “Яшил жамоат парклари” ташкил этилди. Жорий йил баҳор мавсумида эса вилоят бўйича 5 миллион тупдан зиёд кўчат экиш режалаштирилган бўлиб, бу борада амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Энг муҳими, бу каби ташаббуслар самарасида фермер хўжаликлари далаларининг четлари, автомобиль ва темир йўллар атрофи, дарё ва каналлар бўйлари, ариқ ва зовурлар ҳудудларида ҳимоя ўрмонлари барпо этилмоқда. Бу эса тупроқ эрозиясининг олдини олиш, қум кўчишини чеклаш ва умумий экологик ҳолатни яхшилашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири