Халқаро ҳамкорлик янги босқичда
Бугунги кунда мамлакатимизда сув таъминоти ва санитария тизимини модернизация қилиш, соҳада илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров бошчилигидаги делегация Непал Федератив Демократик Республикасининг Катманду шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турибди. Мазкур сафардан кўзланган асосий мақсад соҳада илғор халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришдир.

Таъкидланишича, айни кунларда Катманду шаҳрида “Global South WASH Молиялаштириш va Барқарорлик – 2026” халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан келган мутахассислар, амалиётчилар ва молия институтлари вакиллари иштирок этмоқда. Ўзбекистон делегацияси мазкур анжуманда фаол қатнашиб, соҳадаги долзарб масалалар юзасидан қатор музокаралар олиб бормоқда.

Хизмат сафари доирасида жорий йилнинг 31 март куни делегация аъзолари Катманду шаҳридаги йирик оқова сувларни тозалаш иншоотлари фаолияти билан танишди. Хусусан, кунига 85 миллион литр қувватга эга иккита иншоот ҳамда 255 миллион литр қувватли йирик тозалаш мажмуаси ўрганилди. Мутахассислар тозалаш жараёнлари, замонавий технологиялар ва бошқарув амалиётлари билан яқиндан танишиб, маҳаллий мутасаддилар ва корхона ходимлари билан тажриба алмашди.
Шу билан бирга, делегация аъзолари халқаро конференция доирасида маърузалар билан иштирок этмоқда. Унда WASH инфратузилмасини ривожлантиришдаги долзарб масалалар, хусусан, молиялаштириш механизмлари, инвестицияларни жалб этиш ва барқарорликни таъминлаш йўналишлари муҳокама қилинмоқда.

“Ўзсувтаъминот” АЖ вакиллари томонидан соҳага инвестициялар жалб қилиш, институционал ва молиявий ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган таклиф ва ташаббуслар тақдим этиляпти. Шунингдек, делегация аъзолари ESG (экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув) тамойиллари, аралаш молиялаштириш масалалари бўйича панель муҳокамаларида иштирок этмоқда.
Сафар доирасида маҳаллий сув таъминоти ва санитария хизматлари ташкилотларининг институционал салоҳиятини оширишга қаратилган семинарлар ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Нилуфар Бозорова, ЎзА