“Talaba Fest” — иқтидорлар майдони
Жиззах политехника институтида ташкил этилган “Talaba Fest” ёшлар фестивали ҳақиқий истеъдод, билим ва ташаббуслар байрамига айланиб, вилоятдаги беш олий таълим муассасасидан келган талабалар, профессор-ўқитувчилар ва кенг жамоатчилик вакилларини бир майдонда жамлади ва ёшлар қалбидаги ғайрат, орзу ва интилишларни янада юксалтирди.
Фестиваль аввало талабаларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини намоён этиш, соғлом рақобат муҳитини кучайтириш, ёшлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди. Энг муҳими, у талаба-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ва манфаатли ташкил этишнинг амалий намунаси сифатида катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир доирасида ташкил этилган маданий-маърифий, спорт ва интеллектуал йўналишдаги танлов ҳамда чиқишлар фестивалга ўзига хос руҳ ва жозиба бағишлади. “Энг яхши фотосуратлар” кўргазмасида ёшларнинг ҳаётга теран нигоҳ ва эстетик диди намоён бўлган бўлса, миллий ва замонавий услублар уйғунлашган “Энг яхши либослар” намойиши талабаларнинг бадиий қарашларини акс эттирди.
“Энг мазали таомлар” танлови миллий қадриятлар ва пазандалик анъаналарини тарғиб этган бўлса, мушоира ва шеърият кечалари ёш қалблардаги нафосат ва маънавий туйғуларни юзага чиқарди. Караоке беллашувлари, спорт мусобақалари эса фестивал иштирокчиларига кўтаринки кайфият ва унутилмас таассурот улашди.

Айниқса, робототехника кўргазмаси, талабалар театр студияларининг саҳна чиқишлари, “Қувноқлар ва зукколар” жамоалари дастурлари, “Мунозара” турнири ҳамда “Заковат” интеллектуал ўйини ёшларнинг билимга чанқоқлиги, тезкор фикрлаши ва замонавий тафаккурини яққол намоён этди. Ҳарбий-кўргазмали чиқишлар эса ёшларда ватанпарварлик ва фидойилик туйғуларини мустаҳкамлади.

Бугунги кунда бундай фестиваллар нафақат иқтидорли ёшларни кашф этиш, балки уларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, илмга интилган, ижодга ташна ва ташаббускор ёшлар — мамлакатнинг эртанги таянчи, Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳал қилувчи кучидир.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА