ОАВ вакиллари учун медиа-тур
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани ҳудудидаги Кердер маданиятига тегишли бўлган “Ҳайвонқалъа” тарихий ёдгорлигида шу йилнинг 3 май санасидан бошлаб археологик қазишма ишлари амалга оширилмоқда.
Халқаро миқёсда ўтказилаётган археологик қазишма ишлари билан танишиш мақсадида республикада фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар учун институт матбуот хизмати томонидан медиа-тур ташкил этилди.
Россия Федерациясининг Қозон федерал университети ҳамда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси асосида ташкил этилган мазкур халқаро археологик экспедицияда Россия Федерацияси Татаристон Республикаси Фанлар Академияси А.Х.Халиков номидаги Археология институти директори, тарих фанлари доктори, профессор Айрат Ситдиков, мазкур институтнинг катта илмий ходимлари Ренат Валиев, Антонина Губайдуллина, Москва давлат университетидан тадқиқотчилар Николай Ткач, Елена Лисенко, шунингдек, институтнинг Тарих факультети профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этмоқда.
Талабалар археологик қазишма жараёнида бевосита иштирок этиб, назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаб, замонавий археологик усулларни ўзлаштирмоқда. Улар тахометр, теодолит, нивелир каби зарур асбоблар билан ишлаш, қазишма жойларини ўлчаш ва харитага тушириш, археологик топилмаларни тозалаш, рўйхатга олиш, консервация қилиш ҳамда сақлаш усуллари бўйича амалий кўникмаларга эга бўлмоқда.
Талабаларга қазиш ишларидан ташқари хорижий олимлар ва амалиёт раҳбарлари томонидан амалий кўргазмали дарслар ўтилиб, унда археологик қазиш ишларини олиб бориш тартиб-қоидалари, қазиш ишлари вақтида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар ҳамда топилмалар бўйича маълумот бериб борилмоқда.
“Ҳайвонқалъа” тарихий ёдгорлигида амалга оширилаётган халқаро экспедициядан кўзланган асосий мақсад археологик қазишма ишлари натижасида топилган буюмлар ҳамда маданий қатламлар бўйича халқаро илмий фикрни шакллантириш, шунингдек, илмий хулосалар чиқариш учун белгиланган фаолиятни амалга оширишдан иборатдир.
“Ҳайвонқалъа” (ёки Кердер қалъаси) юртимизнинг ўрта асрлардаги бой тарихидан дарак берувчи ёдгорликлардан биридир. Ёдгорликнинг айни пайтда сақланган ҳудуди 19 гектарни ташкил этади.
Бу ерда дастлаб 1947 йил С.Толстов раҳбарлигидаги Хоразм археологик экспедицияси томонидан тадқиқот олиб борилган бўлса, сўнгра Қорақалпоғистон Тарих, тил ва адабиёт институти археологик тадқиқот отряди, 1961-1967 йилларда археологлар А.Гудкова ҳамда В.Ягодин, шунингдек, 1995-2000 йилларда Нукус давлат педагогика институти археолог олимлари томонидан тадқиқотлар ўтказилган.
Бугунги кунда ёдгорликда амалга оширилаётган қазиш ишлари натижасида 100 дан ортиқ мис танга, 30 га яқин шиша идиш бўлаклари, лойдан ясалган болалар ўйинчоғи, тандир, темирдан ясалган ўроқ бўлаги, лойдан ясалган шар, суякдан ясалган қамчи дастасининг бир қисми ҳамда мисдан ясалган белбоғ тутқичи каби топилмалар аниқланди. Ушбу топилмалар ҳудудда ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ва маиший турмуш маданияти, шунингдек, ўша давр аҳолисининг ижтимоий ҳаёти ҳамда хўжалик фаолияти ҳақида муҳим маълумотлар беради.
“Ҳайвонқалъа” ёдгорлигининг юқори маданий қатламидан топилган топилмалар IX-XI асрлар билан боғлиқ. Тўпланган материаллар асосида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, уларнинг натижаларини халқаро миқёсда эълон қилиш, институтнинг Тарих факультети талабаларининг назарий билимларини амалиёт давомида мустаҳкамлаш, хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш халқаро илмий-археологик экспедициядан кутилаётган амалий натижалар ҳисобланади.
[gallery-29659]
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, “Ҳайвонқалъа” тарихий ёдгорлигида халқаро археологик экспедиция доирасида қазишма ишлари 30 майгача давом этади. Шу билан бирга, халқаро экспедиция томонидан амалга оширилган фаолият натижалари бўйича халқаро илмий анжуман ташкил этилиши кўзда тутилган.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.