Такрорий экин – ҳосилдорлик ва барқарорлик кафолати
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида ердан самарали фойдаланиш, такрорий экинлар майдонини кенгайтириш, томорқачилик ва сувни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг ташаббуслари ва раҳбарлигида қабул қилинган фармон ва қарорлар ушбу йўналишда амалий натижаларни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг ёз мавсумида Жиззах вилояти Бахмал туманида ғалладан бўшаган 1669 гектар ер майдонига тўлиқ такрорий экинлар экилди. Бу орқали ҳосилдорлик оширилиб, ички бозорни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда нарх барқарорлигини таъминлашга эришилди.

Такрорий экинлардан самарали фойдаланиш натижасида картошка 950, озуқа экинлари 513, дуккакли экинлар 104 ва сабзавотлар эса 102 гектар майдондан жой олди. Барча экинлар юқори ҳосил берадиган, экспортбоп навлар асосида танлаб етиштирилмоқда, агротехник талабларга қатъий амал қилинаётгани эътиборга лойиқ.
Айниқса, томчилатиб суғориш ва бошқа сувни тежовчи технологияларнинг кенг жорий этилаётгани эътиборга лойиқ. Бу усуллар сув сарфини сезиларли даражада камайтириб, ҳосил сифатини яхшилаш билан бирга, иқлим ўзгариши шароитида қишлоқ хўжалигининг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тумандаги “Суннатилла Исроилов”, “Бахмал меҳр нури”, “Гулбулоқ Экспорт”, “Сайдахмедов Сайфиддин” каби фермер хўжаликлари фидокорона меҳнати билан ажралиб турибди. Улар нафақат маҳаллий эҳтиёжни қондириш, балки экспорт учун мўлжалланган маҳсулотларни етиштиришда ҳам фаоллик кўрсатаётир.

Ўтган 2023–2024 йилларда қабул қилинган Президент қарорида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, томорқадан оқилона фойдаланиш ва такрорий экинлар майдонини кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Бахмал туманидаги натижалар мазкур қарор ва дастурлар самарали ижро этилаётганини яққол тасдиқлайди.
Бугунги шароитда ердан икки-уч марта фойдаланиш имкониятини берувчи такрорий экин етиштириш орқали қишлоқ аҳолисининг даромад манбалари кенгаймоқда, ички бозорда маҳсулот танқислиги бартараф этилмоқда, экспорт ҳажми эса босқичма-босқич ортиб бораётганини ҳам шу ўринда таъкидлаб қўйиш жоиз.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари