Миллий гвардия ходимларига навбатдаги махсус унвонлар топширилди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Қуролли Кучларимиз ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизими замон талаблари асосида такомиллаштирилмоқда. Хусусан, Миллий гвардия тизимида тактик ва стратегик бошқарувни ривожлантириш, шахсий таркибнинг жанговар ва махсус тайёргарлигини ошириш, интеллектуал салоҳияти ҳамда чет тилларини ўзлаштириш даражасини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, тизимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ўқув инфратузилмасини яратиш ва ҳарбий хизматчилар учун муносиб хизмат ҳамда яшаш шароитларини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса ҳар бир ходимдан ўз устида мунтазам ишлашни, билим ва кўникмаларини бойитиб боришни талаб этмоқда.

Бугунги кунда Миллий гвардия ходимлари турли ўқув курслари ва малака ошириш дастурларида иштирок этиб, касбий маҳоратини юксалтириш орқали хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришмоқда.
Ана шундай ишлар натижаси сифатида Миллий гвардия Муҳим давлат объектларини қўриқлаш бошқармасининг навбатдаги махсус унвонларни олиш учун белгиланган ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган 83 нафар ходимига пойтахтимизда тантанали равишда махсус унвонлар топширилди.

— Бугун биз учун унутилмас кунлардан бири бўлди. Махсус унвонни қабул қилиб олиш нафақат катта шараф, балки юксак масъулият ҳамдир, — дейди Миллий гвардия Муҳим давлат объектларини қўриқлаш бошқармаси ходими Санжар Ҳамидов. — Давлатимиз томонидан билдирилаётган ишончни оқлаш, зиммамизга юклатилган вазифаларни виждонан бажариш ва Ватанимиз тинчлиги ҳамда халқимиз хавфсизлигини таъминлаш йўлида бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Маросим якунида махсус унвон соҳиблари ўзларига билдирилган юксак ишончни оқлаш, хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш ва мамлакатимиз тинчлиги ҳамда хавфсизлигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилишларини таъкидлади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА